
Ўзбекистонда «Silk Road Tourism Awards» танлови ўтказилади
Туризм соҳасида фаол ишлаётган маҳаллий тузилмаларни рағбатлантириш мақсадида «Silk Road Tourism Awards» танлови 12 номинация бўйича ташкил этилди.

Ўзбекистонда 2024–2025 йилларда туристларга хизмат кўрсатишда фаол бўлган тузилмалар ва мутахассисларни эътироф этиш мақсадида «Silk Road Tourism Awards» танлови ўтказилади. Бу ҳақда Туризм қўмитаси хабар берди.
Танловда маҳаллий туроператорлар, меҳмонхоналар, транспорт ташкилотлари, тиббиёт муассасалари, оилавий меҳмон уйлари ҳамда гид-таржимонлар иштирок этади.
Улар «Энг юқори баҳоланган меҳмонхона», «Кириш туризми бўйича энг фаол туроператор», «Зиёрат туризми бўйича етакчи компания», «Энг фаол санаторий», «Энг креатив гид» каби 12 номинация бўйича баҳоланади.
Танлов икки босқичда ташкил қилинади. Биринчи босқичда иштирокчилар шу йилнинг 10 ноябрга қадар ўз ҳудудий туризм бошқармаларига электрон ариза ва сўнгги икки йилдаги фаолият тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади.
Иккинчи босқичда танлаб олинган номзодлар ҳақидаги маълумотлар 18 ноябргача махсус веб-сайтга жойлаштирилади. Бу ерда маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар онлайн овоз бериш орқали ғолибларни аниқлайди.
Онлайн овоз бериш 23 ноябр куни якунланади. Номинациялар кесимида энг кўп овоз тўплаган иштирокчилар ғолиб деб топилади.
Ғолиблар 29 ноябр куни Тошкентдаги Central Asian Expo Uzbekistan (CAEx) марказида «Ипак йўлида туризм» халқаро туризм ярмаркаси доирасида тақдирланади. Бу тадбир минтақадаги туризм соҳасининг нуфузли анжумани ҳисобланади.





