Ўзбекистонда солиқ тушумлари 54 фоизга кўпайди
Биринчи чорак якунларига кўра Ўзбекистонда тадбиркорлик фаоллиги барқарор ўсишни намоён қилди, солиқ тушумлари ва экспорт ҳажмлари сезиларли даражада ошди.
© Foto: Kun.uzЎзбекистонда 2026 йилнинг биринчи чорагида тадбиркорлик фаолияти барча асосий йўналишлар бўйича ижобий ўсиш суръатларини қайд этди. Солиқ ва божхона тушумлари, экспорт ҳажмлари ҳамда кредитлаш кўрсаткичлари барқарор динамикани намоён этмоқда.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, март ойи якунига келиб солиқ тушумлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 54 фоизга ошди. Бу иқтисодий фаолликнинг сезиларли даражада жонланганини кўрсатади.
Ҳудудлар кесимида ўсиш
Ҳудудлар кесимида энг юқори ўсиш Навоий, Сирдарё, Тошкент ва Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида қайд этилди. Ушбу ҳудудларда ўсиш суръатлари ўртача 33 фоизни ташкил қилди. Шу билан бирга, жисмоний шахслар даромад солиғи 15,2 фоизга, мол-мулк солиғи 10,7 фоизга, ер солиғи эса 33,8 фоизга ошди.
Божхона тўловлари
Божхона тўловлари ҳам 19,5 фоизга кўпайди. Айниқса, Навоий вилоятида бу кўрсаткич 77,6 фоизга, Наманган вилоятида эса 64,2 фоизга етди. Фарғона, Самарқанд ва Қорақалпоғистонда ҳам барқарор ўсиш сақланиб, ўртача 32 фоизни ташкил этди.
Экспорт ҳам ошган
Ташқи иқтисодий фаолиятда ҳам ижобий тенденция давом этди. Товарлар экспорти 30 фоизга ошган бўлиб, энг юқори ўсиш Навоий вилоятида 71,4 фоиз ва Тошкент вилоятида 52,4 фоизни ташкил қилди. Самарқанд, Наманган ва Бухоро вилоятларида ҳам экспорт ҳажмлари кўпайди.
Кредитлаш
Банк секторида кредитлаш ҳажми 9,1 фоизга ошди. Энг юқори ўсиш Самарқанд вилоятида 69,5 фоизга етди. Бухоро, Хоразм, Фарғона ва Тошкент вилоятларида эса ўсиш суръатлари ўртача 43 фоиздан юқори бўлди.
Шунингдек, янги тадбиркорлик субъектлари сони кескин ошди. Март ойида 22 443 та янги корхона рўйхатдан ўтказилди. Энг юқори кўрсаткичлар Тошкент шаҳри, Тошкент, Хоразм, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида қайд этилди.
Республика товар-хом ашё биржасидаги битимлар ҳажми ҳам 20,8 фоизга ошди. Сирдарё вилоятида биржа фаоллиги энг юқори ўсишни кўрсатиб, 68,4 фоизни ташкил этди.

manba ITIM





