Ўзбекистонда стейблкоинлар орқали тўловлар ва халқаро ўтказмаларга рухсат берилди

Бугун 17:152 дақиқа

Ўзбекистонда барқарор токенлардан тўлов воситаси ва халқаро ўтказмаларда фойдаланишга рухсат берилиб, рақамли активлар бозорини тартибга солишнинг янги қоидалари тасдиқланди.

Ўзбекистонда стейблкоинлар орқали тўловлар ва халқаро ўтказмаларга рухсат берилди

Ўзбекистонда стейблкоинлар айланмасига оид янги ҳуқуқий тартиб жорий этилди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, таъминланган рақамли активлардан тўловлар ва халқаро пул ўтказмаларида фойдаланиш имконияти яратилди.

Мазкур қоидалар Марказий банк ҳамда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан тасдиқланган бўлиб, рақамли активлар бозорини комплекс тартибга солишга қаратилган.

Янги тартибга кўра, блокчейн технологияси асосида тўлов тизимларини яратиш, токенлардан тўлов воситаси сифатида фойдаланиш ва халқаро ҳисоб-китобларда уларни қўллашга ҳуқуқий асос яратилди. Шу билан бирга, инвестицияларни жалб қилиш, рақобат муҳитини ривожлантириш ва инновацион молиявий хизматларни кенгайтириш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Махсус режим доирасида миллий ёки хорижий валютага боғланган стейблкоинларни чиқаришга рухсат берилади. Уларни мамлакат ичида тўлов воситаси сифатида ишлатиш ва трансчегаравий пул ўтказмаларида қўллаш мумкин.

Бироқ айрим чекловлар ҳам мавжуд.

Хусусан, алгоритмик, аноним ёки бошқа криптоактивлар билан таъминланган токенларни чиқариш тақиқланади. Барча стейблкоинлар фақат реал пул маблағлари билан тўлиқ таъминланган бўлиши шарт. Бу маблағлар Марказий банкдаги алоҳида ҳисобварақларда захира қилиб сақланади.

Қоидаларга кўра, бозор иштирокчилари учун юқори даражадаги киберхавфсизлик ва ахборот ҳимояси талаблари жорий этилган. Компаниялар ахборот хавфсизлиги тизимларини жорий қилиши, масъул мутахассис тайинлаши ва инфратузилманинг узлуксиз ишлашини таъминлаши лозим.

Компанияларни рўйхатга олиш ва улар фаолияти устидан назорат Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан амалга оширилади. Молиявий барқарорлик ва эмиссия ҳажмига оид масалалар эса Марказий банк билан келишилади.

Пилот лойиҳалар дастлаб 12 ой давомида синовдан ўтказилади. Зарур ҳолларда улар узайтирилиши мумкин, бироқ умумий муддат 3 йилдан ошмаслиги белгиланган.

Теглар

Мавзуга оид