
Ўзбекистонда сунъий «чегирмалар» тақиқланди
Ҳукумат қарорига кўра, сотувчилар энди аввал нархни сунъий ошириб, кейин «арзонлаштирилган» деб кўрсатиш орқали харидорларни чалғита олмайди. Чегирма ҳақиқий бўлиши учун у охирги 30 кунлик энг паст нарх асосида белгиланиши шарт.

Ўзбекистон ҳукумати 21 октябрда қабул қилган қарор билан чакана савдо қоидаларига муҳим ўзгартишлар киритди. Энди сотувчиларга нархни сунъий равишда ошириб, кейин арзонлаштирилган нархни «чегирма» сифатида кўрсатиш тақиқланади. Бу қарор истеъмолчиларни алдов реклама ва манипуляциядан ҳимоя қилишни мақсад қилади.
Янги талабларга кўра, сотувчи фақат тўловдан олдинги ҳақиқий нархни кўрсатган тақдирдагина чегирма қонуний ҳисобланади. Агар бу нарх чегирма эълон қилингунга қадар охирги 30 кун ичидаги энг паст баҳодан юқори бўлса, бундай ҳолат ҳақиқий чегирма деб тан олинмайди. Бу қоида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан ташқари барча товарларга тааллуқли.
Шу билан бирга, рағбатлантирувчи акциялар ҳам қатъий қоидалар асосида ўтказилади. Сотувчи акция бошланганда унинг шартларини — амал қилиш муддати, иштирок этиш тартиби, товарлар сони ва номи ҳақидаги маълумотни аниқ ва тушунарли шаклда эълон қилиши шарт. Акция бошлангандан кейин унинг шартларини ўзгартириш ёки нарх ҳақида нотўғри маълумот бериш қатъиян ман этилади.
Қарорда, акциялар давомида таклиф этилаётган чегирма, бонус ёки бошқа имтиёзлар ҳақиқатан ҳам амал қилиши зарурлиги қайд этилган. Агар акция оммавий тадбир шаклида ўтказилса, у ҳолда ваколатли идоралардан тегишли рухсатнома олиниши лозим бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Рақобат қўмитаси 2025 йил июл ойида чегирмаларни ҳуқуқий тартибга солиш лойиҳасини муҳокамага қўйганди. Мазкур ташаббус «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида кўзда тутилган бўлиб, унинг асосий мақсади — истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва чакана савдода шаффофликни таъминлашдан иборат.





