Ўзбекистонда талабалар стипендияси нега оширилмаяпти? Вазир изоҳ берди

Кеча 19:002 дақиқа

Қўғиротбой Шарипов айрим университетлардаги йўналишларда бир талаба учун харажат 14 миллион сўмга етган бўлса ҳам, контракт йилига 6 миллион сўмлигича сақлаб қолинаётганини айтди.

Ўзбекистонда талабалар стипендияси нега оширилмаяпти? Вазир изоҳ берди © Фото: Олий таълим вазирлиги

Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида талабалар стипендияси йиллардир ҳали 600 минг сўмга ҳам етгани йўқ. Бугун, 15-апрел куни Олий таълим вазири Қўнғротбой Шарипов иштирокида ўтган матбуот анжуманида бунинг сабаби тушунтирилди.

Маълумки, бугунги кунда базавий стипендия миқдори 569 870 сўмни ташкил қилади. Бундан ташқари, аъло баҳога ўқиган талабага 20 фоиз устама тўланади. Карантиндан кейин тўрт-беш йил давомида стипендия миқдори оширилмади, лекин ўтган йили ойликлар оширилганда стипендия ҳам 10 фоизга кўпайди.

«Энди қаранг, битта муаммо бор бизда. Буни тўғри тушунишингизни хоҳлардим. Ҳурматли президентимиз тўрт йилдан бери контрактни оширишга рухсат бермади. Бир марта 15 фоизга оширилди. Агар олдингидай бу эски тизим бўйича кетаётганда, масалан, йилига маошлар ошган пайтда контракт ҳам ошарди», – деди Олий таълим вазири.

Вазирнинг сўзларига кўра, бугунги кунда тўлов-контракти устига яна 88 фоиз қўшилиши керак. Қўғиротбой Шарипов айрим университетлардаги йўналишларда бир талабанинг харажати 14 миллион сўмга етган бўлса ҳам, контракт йилига 6 миллион сўмлигича сақлаб қолинаётганини айтди.

«Ҳозирги кунда 26 та олий таълим муассасаси дотацияда ўтирибди… Масалан, биз энг кўп супер-контрактлар ҳисобидан ёпиб келяпмиз. Буни яшириш керак эмас. Бизда қилаётган харажатларимиз ижтимоий тармоқда ёритиб бориляпти. Мана бу университетлар кўп даромад олган, мана булар дотацияда қолган, деб. Шунинг учун бу масала кўтарилаверади ҳар йили. Буни энди, албатта, кўпчилик, жамоатчилик фикрини ўрганган ҳолда биз қарор қабул қиламиз», – деди вазир.

Теглар

Мавзуга оид