Logo

Ўзбекистонда тақиқланган диний манбалар рўйхати эълон қилинди

Бугун 09:402 дақиқа

Олий суд экстремистик ва террористик деб топилган қарийб 2000 та интернет манбани расман очиқлади.

Ўзбекистонда тақиқланган диний манбалар рўйхати эълон қилинди © Illyustrativ surat

Ўзбекистон Республикаси Олий суди интернет жаҳон тармоғида диний экстремистик, террористик ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган деб топилган ҳамда мамлакат ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ва намойиш этилиши тақиқланган манба ва материаллар рўйхатини эълон қилди. (Рўйхат)

Маълум қилинишича, 2026-йил 13-июл ҳолатига кўра, рўйхатга жами 1 915 та турли профил, канал ва материал киритилган. Уларнинг катта қисми ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар орқали тарқатилган контентлардан иборат экани қайд этилмоқда.

Хусусан, Facebook ижтимоий тармоғида 276 та профил ва материал, Telegram мессенжерида 886 та канал, гуруҳ ва материал, Instagram'да 405 та профил аниқланган. Шунингдек, You Tube'да 202 та канал ва видео, Одноклассики тармоғида 44 та материал, Threads тармоғида 1 та ҳамда TikTok платформасида 68 та профил рўйхатга киритилган.

Бундан ташқари, интернет тармоғида жойлашган 13 та сайт ва алоҳида материаллар, шунингдек, 20 та турли китоб, маъруза ва нашидалар ҳам тақиқланган манбалар сифатида қайд этилган. Суд маълумотларига кўра, ушбу контентлар диний ақидапарастлик ва зўравонлик ғояларини тарғиб қилиш билан боғлиқ деб баҳоланган.

Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов фуқароларни бундай материаллардан йироқ бўлишга, интернет маконида онгли ва эҳтиёткор бўлишга чақирди.

«Қадрли ота-оналар ва ёшлар! Диний ақидапарастлик, экстремизм ва терроризм тузоғига тушиб қолишдан доимо сақланинг. Улар ҳаётингиз ва орзуларингизни барбод қилишига асло йўл қўйманг», — дейди Азиз Обидов.

Теглар

Мавзуга оид