
Ўзбекистонда темир йўл орқали 8,1 млн нафар йўловчи ташилди
2025 йилда темир йўл транспортидан фойдаланган йўловчилар сони ўтган йилга нисбатан қарийб бир миллион нафарга ошди.

2025 йилнинг январ–сентябр ойларида темир йўл транспортидан фойдаланган йўловчилар сони 8,1 миллион нафардан ошди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, бу йил темир йўл транспортидан фойдаланган йўловчилар сони 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 957,2 минг нафарга кўпайган. Бу рақамлар орқали мамлакатда темир йўлларга нисбатан талаб ортаётганини кузатиш мумкин.
Шунингдек, йил бошидан буён темир йўл орқали бир кунда ўртача 29,8 минг нафар йўловчи ташилган.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда умумий фойдаланишдаги темир йўлларнинг узунлиги 4 минг 838,9 километрни ташкил этди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент метросидан бир кунда ўртача 753 мингдан зиёд йўловчи фойдаланаётгани ҳақида хабар бергандик.




