Ўзбекистонда туризм экспорти 1 млрддан ошди

Бугун 16:292 дақиқа

Жаҳондаги геосиёсий ва иқтисодий беқарорлик фонида миллионлаб сайёҳлар хавфсиз ва ишончли йўналишларни танламоқда, бу эса Ўзбекистон туризми рақобатбардошлигини сезиларли оширмоқда.

Ўзбекистонда туризм экспорти 1 млрддан ошди © Президент матбуот хизмати

2026 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, Ўзбекистонга қарийб 3 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрди. Шу даврда туризм хизматлари экспорти 1 миллиард 103 миллион долларни ташкил қилди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигида биринчи чорак кўрсаткичларини тармоқ ва ҳудудлар кесимида танқидий таҳлил қилиш ва йилнинг қолган даврида қилинадиган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Бундай юқори натижаларга «туристик релокация» жараёни ҳам сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Жаҳондаги геосиёсий ва иқтисодий ноаниқликлар шароитида миллионлаб сайёҳлар хавфсиз, тинч ва синовдан ўтган йўналишларни танламоқда. Бу эса Ўзбекистоннинг туризм бозоридаги рақобатбардошлигини оширмоқда.

Масъуллар ва ҳокимлар ҳар бир сайёҳ учун рақобат олиб бориши зарурлиги таъкидланди

Шу билан бирга, мамлакатда мавжуд бой тарихий мерос ва янги барпо этилаётган замонавий туристик объектлардан самарали фойдаланиш муҳим вазифа сифатида қайд этилди. Масъуллар ва ҳокимлар ҳар бир сайёҳ учун рақобат олиб бориши, ҳудудларнинг жозибадорлигини ошириш бўйича аниқ ва комплекс таклифлар ишлаб чиқиши зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, барча раҳбарлар фаолиятида янги ёндашув талаб этилмоқда. Улар эҳтимолий хатарларни бир нечта сценарий асосида олдиндан баҳолаб, асосий режаларга қўшимча равишда захира вариантларни ҳам ишлаб чиқиши шартлиги қайд этилди.

Янги тартибга кўра, вилоят ва туман ҳокимлари қисқа муддат ичида «ақл маркази»ни шакллантириб, олимлар ва стартапчилар билан бирга меҳнат унумдорлиги, энергия самарадорлиги ва аҳоли даромадини ошириш бўйича инновацион ечимлар ишлаб чиқиши лозим. Бир ҳафта ичида эса жорий йилда амалга ошириладиган ноанъанавий ўзгаришлар оммавий ахборот воситалари орқали жамоатчиликка тақдим этилади.

Теглар

Мавзуга оид