
Ўзбекистонда Урбанизация ва уй-жой бозори бўйича Миллий қўмита тузилади
Президент фармонига мувофиқ, «Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш Миллий қўмитаси» ташкил этилади. Кадастр агентлиги Миллий қўмита тизимига ўтказилади.

Ўзбекистонда урбанизация жараёнларини тизимли тарзда бошқариш ва уй-жой сиёсати самарадорлигини ошириш мақсадида «Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш Миллий қўмитаси» ташкил этилади. Президент фармонига мувофиқ, янги тузилма мамлакатда уй-жой сиёсати, ипотека, қурилиш ва реновация дастурларини мувофиқлаштириш бўйича ваколатли давлат органи этиб белгиланди.
Миллий қўмита урбанизация жараёнлари, уй-жой қурилиши, реновация ва ипотека соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, шунингдек, ушбу йўналишдаги дастурларни мувофиқлаштириш ва ривожлантириш бўйича ваколатли давлат орган ҳисобланади. Қўмитанинг устувор йўналишлари эса урбанизация жараёнларини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш, самарали ва барқарор уй-жой сиёсатини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш, реновация дастурларини самарали амалга оширишни таъминлаш, “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ишларини мувофиқлаштириш, шу жумладан, ҳудудларни танлашда қонунчилик билан белгиланган мезонлар ва урбанизация тамойилларига риоя этилишини таъминлашдан иборат.
Фармонга кўра, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги тўлиқ равишда Миллий қўмита тизимига ўтказилади. Бундан ташқари, қўмита фаолиятини ҳуқуқий ва ташкилий жиҳатдан йўлга қўйиш учун Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлиги белгиланган муддатларда тегишли қарор лойиҳаларини тайёрлайди.
2025 йилда қўмитага зарур молиявий ресурслар ажратилади, шу жумладан, мебель, компьютер ва бошқа жиҳозлар билан таъминлаш кўзда тутилган. 2026 йилдан бошлаб уни молиялаштириш Давлат бюджети параметрларида доимий тарзда инобатга олинади.
Фармон ижросини назорат қилиш Бош вазир Абдулла Арипов зиммасига юклатилди, Миллий қўмита раҳбари эса унинг самарадорлиги учун жавобгар этиб белгиланди. Янги тузилма мамлакатда уй-жой сиёсати ва урбанизациянинг устувор йўналишларини ягона марказ орқали бошқаришни таъминлаши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Экология ва иқлим ўзгариши Миллий қўмитаси тузилганлиги ҳақида хабар берган эдик.





