add

Ўзбекистонда узлуксиз ишлайдиган «яшил» энергия лойиҳаси йўлга қўйилади

Кеча 16:022 дақиқа

БАА компаниялари билан ҳамкорликда узлуксиз электр ишлаб чиқарадиган янги қувватлар барпо этилади.

Ўзбекистонда узлуксиз ишлайдиган «яшил» энергия лойиҳаси йўлга қўйилади

Ўзбекистонда кун давомида узлуксиз ишлайдиган қайта тикланувчи энергия манбаларига асосланган йирик лойиҳалар амалга оширилади. Бу ташаббус мамлакат энергетика тизимида барқарорликни ошириш ва «яшил» энергия улушини кенгайтиришга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

Маълум қилинишича, БAAнинг Абу-Даби шаҳрида Ўзбекистон Энергетика вазирлиги, Masdar ҳамда Emirates Utilities Development Company ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланган. Унга кўра, Ўзбекистонда узлуксиз режимда ишлайдиган, 1 GWгача базавий юклама қувватига эга лойиҳани ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

Ҳужжат Ўзэнергосотиш АЖ, Masdar ва EUDC’нинг бош компанияси — Etihad Water & Electricity иштирокида имзоланди. Лойиҳа қайта тикланувчи энергетика соҳасида узлуксиз электр таъминотини таъминлаш орқали тизимдаги узилишлар муаммосини камайтиришга хизмат қилиши таъкидланмоқда.

Энергетика вазирлигига кўра, мазкур модел жаҳон бозорида рақобатбардош тарифлар асосида катта ҳажмда базавий қувват ишлаб чиқариш имконини яратади. Шунингдек, у халқаро миқёсда қўлланилиши мумкин бўлган намунавий ечим сифатида қаралмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида 300 MW қувватга эга қуёш фотоэлектр станцияси ва 75 MW/hли энергия сақлаш тизимини ўз ичига олган алоҳида лойиҳа бўйича ҳам молиялаштириш келишуви имзоланган эди. Ушбу лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилиб, халқаро молия институтлари — Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва Осиё тараққиёт банки ресурслари жалб этилади.

Лойиҳа ишга тушгач, йилигa 280 минг тонна зарарли чиқиндилар атмосферага чиқишининг олди олинади, 231 миллион куб метр табиий газ тежалади ҳамда 280 мингга яқин хонадон электр энергияси билан таъминланади. Masdar’нинг Ўзбекистондаги қайта тикланувчи энергия лойиҳалари қуввати 2 GWга яқинлашиб, инвестициялар ҳажми 2 миллиард доллардан ошиб кетди.

Теглар

Мавзуга оид