Ўзбекистонда ЯИМга нисбатан давлат қарзи 26,6 фоизгача пасайди

Бугун 15:092 дақиқа

I чоракда давлат қарзи деярли ўзгармади ва қарийб 47 млрд долларни ташкил қилди. Бироқ, иқтисодий ўсиш ҳисобига ЯИМга нисбатан давлат қарзи улуши сезиларли даражада қисқарди.

Ўзбекистонда ЯИМга нисбатан давлат қарзи 26,6 фоизгача пасайди © Bloomberg

2026 йил I чорак якунига кўра, Ўзбекистоннинг давлат қарзи 46,99 млрд долларни ташкил қилди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлигидан маълум бўлди.

Давлат қарзининг мамлакат иқтисодиёти — ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбатан улуши 31,9 фоиздан 26,6 фоизгача қисқарди.

Бунга 2026 йил бошида Ўзбекистон давлат қарзи 134 млн долларга ошиб, деярли ўзгармагани сабаб бўлди. Аксинча, мамлакат иқтисодиёти эса I чоракда 8,2 фоизлик ўсишни қайд этди.

1

Давлат қарзининг асосий қисмини ташқи қарз эгаллаб турибди — 39,78 млрд доллар (85 фоиз). Давлат ички қарзи эса 15 фоиз улушга эга бўлиб, 7,2 млрд долларни ташкил қилиб турибди.

Ўзбекистон қарзнинг асосий қисмини халқаро молия институтларидан олган. Энг йирик кредиторлар Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки ҳисобланиб, жами давлат қарзининг 44 фоизи ёки 17,3 млрд доллари ушбу молиявий ташкилотларга тўғри келади.

2

Хорижий ҳукуматларнинг молия ташкилотлари орасида Хитой ва Япониядан кўпроқ қарз олинган. Бу икки давлатдан мос равишда 3,9 млрд доллар ва 3,1 млрд доллар қарз олинган.

Шунингдек, 15 фоиз ёки 5,8 млрд доллар давлат қарзи халқаро облигациялар ёрдамида хорижий инвесторлардан жалб қилинган.

Умумий қарз қанча?

2026 йилнинг 1 январ ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 82,2 млрд долларни ташкил қилди.

Давлат қарзига фақат давлат кафолати остида олинган қарзлар кирса, умумий ташқи қарз мамлакатдаги бизнес томонидан олинган корпоратив қарзларни ҳам ўз ичига олади.

Марказий банк маълум қилишича, ўтган йили бизнес томонидан чет элдан жалб қилинган хусусий ташқи қарз давлат қарзидан ўтиб кетди ва 41,7 млрд долларгача ўсди.

Теглар

Мавзуга оид