Ўзбекистонда «яшил» энергия ишлаб чиқариш ҳажми маълум қилинди
2026-йил бошидан буён Ўзбекистонда қуёш ва шамол электр станциялари орқали ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳажми 2 млрд kWhдан ошди.

Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, 20 март ҳолатига қуёш фотоэлектр станциялари 959,2 млн kWh, шамол электр станциялари эса 1 млрд 56,2 млн kWh электр энергияси ишлаб чиқарган. Жами кўрсаткич 2 млрд 15,4 млн kWh ни ташкил этди ва бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 43 фоизга юқори.
Айни пайтда мамлакатда умумий қуввати 5 582 MW бўлган 15 та қуёш ва 5 та шамол электр станцияси фаолият юритмоқда. Қайта тикланувчи энергия манбалари ҳажми сўнгги йилларда изчил ўсиб бормоқда: 2024 йилда 4,86 млрд kWh, 2025 йилда эса 10,5 млрд kWh «яшил» энергия ишлаб чиқарилган.
Энергия тежамкорлик ҳажми
Мазкур натижалар ҳисобига 537 млн куб метр табиий газ тежалди, шунингдек, атмосферага 1 млн 158 минг тоннадан ортиқ зарарли моддалар чиқарилишининг олди олинди. Бу эса соҳадаги экологик ва иқтисодий самарадорликнинг ортиб бораётганини англатади.
Шу билан бирга, йил бошидан гидроэлектр, қуёш ва шамол станциялари томонидан жами 3 млрд 160 млн kWh электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу ҳажм тахминан 5,2 млн хонадоннинг уч ойлик ёки 1,3 млн хонадоннинг бир йиллик электр истеъмолига тенг.
Мутахассислар қайд этишича, қайта тикланувчи энергия манбаларининг кенгайиши энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш, табиий ресурсларни тежаш ва экологик барқарорликни таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.





