Ўзбекистонда йилнинг энг йирик медиа лойиҳаси — «Медиа ҳафталик»ка старт берилмоқда

Кеча 22:552 дақиқа

Контент маркази томонидан ташкил этилаётган мазкур медиа-эстафета республика бўйлаб 12,5 минг нафар журналист, блогер ва матбуот котибларини ягона платформада бирлаштиришни мақсад қилган.

Ўзбекистонда йилнинг энг йирик медиа лойиҳаси — «Медиа ҳафталик»ка старт берилмоқда

Глобал ахборот маконидаги шиддатли ўзгаришлар, ижтимоий тармоқлар ва сунъий интеллектнинг ривожланиши, фейк хабарлар оқими медиа соҳаси вакилларидан мутлақо янгича ёндашувларни талаб этмоқда. Шу мақсадда республикамизда йилнинг энг йирик ва муҳим таълимий-амалий лойиҳаси — журналистлар, блогерлар ва матбуот котибларини ягона платформада бирлаштирувчи «Медиа ҳафталик» ўз ишини бошлади.

Контент маркази томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда йўлга қўйилаётган мазкур лойиҳа бутун республикадан қарийб 12,5 минг иштирокчини қамраб олади. Жорий йилнинг 30-мартидан 26-июнига қадар ҳар бир ҳудудда 5 кунлик интенсив ўқув-семинарлар ва маҳорат дарслари ўтказилиши режалаштирилган.

Дастурда назария ва амалиёт бирлашади: асосий урғу ҳақиқий тажриба орттиришга қаратилади. Мамлакатимизнинг энг етакчи медиа-экспертлари, муҳаррир ва продюсерлари иштирокида контент яратиш, фактчекинг, рақамли гигиена, SMM ва стратегик коммуникациялар каби муҳим мавзулар бўйича тренинглар олиб борилади.

Машғулотлар тележурналистлар, босма нашрлар, блогерлар ва давлат идоралари матбуот котиблари учун алоҳида йўналишларда ўтказилади. Билимларини оширган иштирокчиларга махсус сертификатлар топширилади.

Ўзбекистон бўйлаб ҳаракатланувчи мазкур медиа-эстафетанинг илк босқичи 30-март куни Қорақалпоғистон Республикасида бошланади. Дарслар давомида иштирокчилар реал кейслар асосида ишлаш, хатоларни таҳлил қилиш, янги ёндашувларни шакллантириш имкониятига эга бўлади. Спикерлар ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, замонавий медиа ривожининг устувор йўналишлари бўйича тавсиялар беради.

Ҳафталик якунида ҳудуддаги соҳа вакилларини қамраб олувчи йирик Медиа форум ташкил этилади.

Лойиҳада иштирок этиш истагида бўлган номзодлар Ёшлар ишлари агентлигининг ҳудудий бошқарма ва бўлимларига мурожаат қилишлари мумкин.

Медиа ҳафталик қуйидаги саналарда ҳудудлар кесимида ташкил этилади:

• 30-март – 03-апрел: Қорақалпоғистон Республикасида;

• 6-апрел – 10-апрел: Хоразм вилоятида;

• 13-апрел – 17-апрел: Сурхондарё вилоятида;

• 20-апрел – 24-апрел: Қашқадарё вилоятида;

• 27-апрел – 1-май: Самарқанд вилоятида;

• 4-май – 8-май: Навоий вилоятида;

• 11-май – 15-май: Бухоро вилоятида;

• 18-май – 22-май: Фарғона вилоятида;

• 25-май – 29-май: Наманган вилоятида;

• 1-июн – 5-июн: Андижон вилоятида;

• 8-июн – 12-июн: Жиззах вилоятида;

• 15-июн – 19-июн: Сирдарё вилоятида;

• 22-июн – 26-июн: Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида.

Теглар

Мавзуга оид