
Ўзбекистонда йирик қурилиш ишлари ҳажми 27,5 фоизга ошди
2025 йилнинг январ—октябр ойларида Ўзбекистонда йирик қурилиш ташкилотлари 61,6 трлн сўмлик ишлар бажарди, бу ўтган йилга нисбатан 27,5 фоизга кўп.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, йирик қурилиш компаниялари ҳиссасига тўғри келаётган ишлар ҳажми йил давомида изчил ошиб борган. Бу ҳолат мамлакатда амалга оширилаётган инфратузилмавий, саноат ва шаҳарсозлик лойиҳалари кўлами кенгайиб бораётгани билан боғлиқ.
Йиллар кесимида таҳлил қилинганда, қурилиш соҳасида сезиларли ўсиш динамикаси кузатилади. Жумладан,
2021 йилнинг январ—октябр ойларида 22,7 трлн сўм;
2022 йилнинг январ—октябр ойларида 28,2 трлн сўм;
2023 йилнинг январ—октябр ойларида 29,9 трлн сўм;
2024 йилнинг январ—октябр ойларида 45,5 трлн сўмлик йирик қурилиш ишлари амалга оширилган.
2025 йилда эса мазкур кўрсаткич 61,6 трлн сўмга етиб, беш йиллик даврда энг юқори натижа қайд этилди. Бу 2021 йилга нисбатан қарийб уч баравар ўсиш демакдир.
Бундай ўсиш давлат инвестиция дастурлари, йирик инфратузилма лойиҳалари, янги саноат зоналари қурилиши ҳамда хусусий сектор иштирокининг фаоллашуви билан изоҳламоқда. Шу билан бирга, қурилиш соҳасида молиялаштириш манбалари кенгайиб, йирик компаниялар фаолияти барқарорлашгани ҳам ўсишга ижобий таъсир кўрсатмоқда.





