Logo

Ўзбекистонда «Золотая Корона» ўтказмалари келаси ҳафта қайта тикланиши мумкин

Тўлов тизими операторига нисбатан санкциялар жорий этилиши ортидан мамлакатдаги 15 дан ортиқ банк «Золотая Корона» орқали пул ўтказишни вақтинча тўхтатганини эълон қилганди.

Ўзбекистонда «Золотая Корона» ўтказмалари келаси ҳафта қайта тикланиши мумкин

Ўзбекистон банкларида «Золотая Корона» орқали хориждан юборилган ўтказмалар белгиланган тартибда аҳолига берилмоқда. Бу ҳақда Марказий банк департаменти раҳбари Отабек Тожиддинов асосий ставка бўйича йиғилишда маълум қилди.

Европа Иттифоқи 21-санкциялар пакети доирасида Россиянинг «Золотая Корона» операторини санкциялар рўйхатига киритганди.

Шундан сўнг, Ўзбекистондаги банклар бирин-кетин бу хизмат орқали пул ўтказмаларини амалга оширишни тўхтата бошлади.

Дастлаб, «Асакабанк» ва «Агробанк» «Золотая Корона» пул ўтказмалари вақтинча тўхтатилганини, тизимда техник ишлар олиб борилаётганини маълум қилди. Кейинчалик пул ўтказмаларини тўхтатганини эълон қилган банклар сони 15 тадан ошди.

Марказий банк вакили Отабек Тожиддинов санкциялар «Золотая Корона»нинг ўзига эмас, унинг оператори «Платёжный Центр»га нисбатан қўлланилганини таъкидлади.

“Вазият Марказий банк томонидан доимий назоратга олинган. Банклар билан тегишли ишлар давом этмоқда. «Золотая Корона»нинг ўзбек банкларида турган гаров депозити мавжуд. Шу депозит доирасида, штат режимида фуқароларимизга пул маблағлари улар истаган валютада бериб келинмоқда”, — дейди Тожиддинов.


Бунгача ижтимоий тармоқларда айрим ўзбекистонликлар бу тизим орқали пул ўтказмаларини олишда муаммога дуч келаётгани ҳақида ёзганди.

Марказий банк вакили Ўзбекистон банклари санкцияларнинг иккиламчи таъсирига тушиш ниятида эмаслигини таъкидлаб, «Золотая Корона» операторини санкцияга тушмаган бошқа операторга алмаштириш масаласи муҳокама қилинаётганини айтди.

Бундай ҳолатда назарий жиҳатдан мамлакатдаги банкларда «Золотая Корона» орқали пул ўтказмалари хизмати қайта тикланиши мумкин.

Регулятор вакилига кўра, «Золотая Корона» раҳбарияти ҳозир ҳам Тошкентда бўлиб турибди. Янги техник операторга ўтиш жараёни келаси ҳафтаёқ якунланиши кутилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид