Logo

Ўзбекистондаги биринчи кичик атом реактори 2029 йил охирида ишга туширилиши мумкин

«Ўзатом» агентлигига кўра, мамлакатдаги биринчи кичик модулли атом реакторини техник ишга тушириш 2029 йилнинг октябрь–ноябрь ойларига режалаштирилган. Илк реактордан сўнг қолган қурилмалар ҳам босқичма-босқич ишга туширилади.

Ўзбекистондаги биринчи кичик атом реактори 2029 йил охирида ишга туширилиши мумкин © Foto: Alibaev.Politika

Ўзбекистонда қурилаётган кичик қувватли атом электр станциясининг биринчи реакторини техник ишга тушириш 2029 йилнинг октябрь–ноябрь ойларида амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Атом энергияси агентлиги («Ўзатом») директори Азим Ахмедхўжаев Alibaev.Politika YouTube лойиҳасига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг айтишича, биринчи реактор ишга туширилганидан кейин олти ой ўтиб иккинчи реакторни фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Шунингдек, 2033 йилда мамлакатда биринчи йирик атом реакторини ишга тушириш, 2034–2035 йилларга келиб эса атом электр станцияси лойиҳасини тўлиқ якунлаш мақсад қилинган.

«Биз атом станцияси оддий бир саноат заводи эмаслигини, бу жуда жиддий ёндашув эканини тушунамиз. Президент биздан, энг аввало, халқаро хавфсизлик стандартларига қатъий риоя қилишни талаб этмоқда. Шу сабабли майдончамизга ХАЭА (Халқаро атом энергияси агентлиги) экспертлари мунтазам равишда келишмоқда. Бу йил иккита миссия режалаштирилган», — деди у.

Агентлик раҳбари лойиҳа белгиланган график асосида амалга оширилаётганини таъкидлар экан, атом энергетикаси соҳасида тезкорликдан кўра хавфсизлик ва сифат устувор аҳамиятга эга эканини қайд этди.

«Бу ўнлаб йиллар олдинга хизмат қиладиган атом станциясидир. Уни стандартларга мувофиқ нечоғли тўғри барпо этишимизга қараб, унинг ҳаётий цикли белгиланади», — дея таъкидлади Азим Ахмедхўжаев.

Маълум қилинишича, қурилиши режалаштирилаётган атом электр станциясининг умумий қуввати 2110 МВтни ташкил этади. Станция йилига 17 млрд кВт/соатгача электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон энергетика тизимининг ўрнатилган қуввати тахминан 30 ГВтни, йиллик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми эса 80 млрд кВт/соатдан ортиқни ташкил этади. Шу нуқтаи назардан, бўлажак атом электр станцияси умумий қувватнинг 8 фоизидан кам қисмини ташкил этса-да, мамлакатда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг қарийб бешдан бир қисмини таъминлаб бериши мумкин.

«Яъни мавжуд воқеликда 8 фоизлик қувват 20 фоиз энергия ишлаб чиқаради», — деди у.

Азим Ахмедхўжаевнинг қайд этишича, Президент Шавкат Мирзиёев ҳам Петербург халқаро иқтисодий форумида Ўзбекистон атом энергетикасини ривожлантириш бўйича режаларини давом эттириш ниятини билдирган.

«Ишончимиз комилки, кичик қувватли станциянинг биринчи босқичи муваффақиятли амалга оширилиб, амалиётда қўлланганидан сўнг, бизга янада олдинга ҳаракат қилиш вазифаси берилади. Шу сабабли, атом станциялари ва технологияларини доимий равишда ривожлантириб борган ҳолда, мамлакатимизнинг умумий энергия балансида яхши ва муносиб ўринни эгаллаймиз», — деди «Ўзатом» раҳбари.

Vaqt.uz аввалроқ Ўзбекистонга АЭС қанчага тушиши ҳақидаги мақолани эълон қилганди. Хусусан, «Ўзатом» раҳбари АЭС қиймати 9,5 миллиард доллардан ошмаслиги ҳақида баёнотлар билан чиққан.

Теглар

Мавзуга оид