
Ўзбекистондаги хорижий компанияларнинг катта қисми хитойликлар томонидан очилган
Сўнгги беш йилда Ўзбекистонда хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони қарийб икки бараварга кўпайди — жорий йил 1 октябрь ҳолатига кўра, уларнинг умумий сони 17 мингдан ошди.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг 1 октябри ҳолатига мамлакатда чет эл инвестициялари иштирокида жами 17 188 та корхона фаолият юритмоқда. Улардан 4 134 таси қўшма, 13 054 таси эса тўлиқ хорижий корхоналардир. Бу кўрсаткич 2019 йилга нисбатан 1,8 баробар кўп бўлиб, сўнгги беш йилда қарийб 7,5 мингта янги хорижий иштирокчи компания ташкил этилганини кўрсатади.
Жорий йил бошида бундай корхоналар сони 14 871 та бўлган. Демак, 2025 йилнинг январидан октябригача мамлакатда 2 300 дан зиёд янги хорижий ёки қўшма корхона очилган.
Фаолият юритаётган хорижий капитал иштирокидаги компаниялар орасида Хитой етакчилик қилмоқда — унинг иштирокидаги корхоналар сони 4 570 тани ташкил этмоқда. Кейинги ўринларда Россия (3 150 та), Туркия (2 048 та), Қозоғистон (1 165 та) ва Жанубий Корея (681 та) турибди. Шунингдек, Афғонистон (616 та), БАА (377 та), Тожикистон (364 та), Ҳиндистон (343 та) ва Қирғизистон (339 та) ҳам Ўзбекистонда фаол сармоядор давлатлар қаторида.
Хитойнинг иштирокидаги корхоналар сони йил бошидан бери 1 200 тадан зиёдга ошган — 3 357 тадан 4 570 тага етган. Бу мамлакат сармоядорларининг Ўзбекистон бозорига қизиқиши ортиб бораётганини кўрсатади. Россия ва Туркиядан ҳам инвестиция оқими ўсган — мос равишда 213 ва 222 та янги компания фаолияти йўлга қўйилган.
Йил бошидан буён чет эл иштирокидаги корхоналар сони 15 фоиздан ортиқка кўпайди. Янги очилган корхоналарнинг қарийб ярми Хитой ва Россия сармоядорларига тўғри келмоқда. Бу тенденция Ўзбекистон иқтисодиётида фаол капитал оқими асосан Евроосиё ва Осиё мамлакатлари томонидан таъминланаётганини англатади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентга Хитойдан 202 та янги электробус олиб келинганлиги ҳақида хабар берган эдик.





