Ўзбекистондан Саудия ва БААга йўловчи парвозлари қайта очилди

Кеча 09:332 дақиқа

Ўзбекистондан Саудия Арабистони ва БААга йўловчи ташишга рухсат берилди, умра зиёратчилари учун янги талаблар белгиланди.

Ўзбекистондан Саудия ва БААга йўловчи парвозлари қайта очилди

Кеча, 10-мартдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудидан Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳамда Бирлашган Араб Амирликларига икки томонлама йўловчи ташишга расман рухсат берилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги Vaqt.uz'га маълум қилди.

Қайд этилишича, Яқин Шарқдаги уруш сабаб жорий этилган чекловлар бекор қилинди.

Мазкур қарор барча маҳаллий ва хорижий авиакомпанияларга тааллуқли бўлиб, парвозлар «Uzbekistan Airways», «Qanot Sharq», «FlyOne Asia», «My Freighter», «Sam Air», «Fly Khiva Group» ҳамда бошқа авиакомпаниялар орқали амалга оширилиши мумкин.

Саудия Арабистонига амалга оширилаётган рейсларда айниқса умра зиёратчиларига алоҳида талаблар қўйилди. Умра мавсуми якунланганда барча зиёратчилар Саудия қонунчилигига мувофиқ мамлакатни ўз вақтида тарк этиши шарт. Шунинг учун аэропортларда Саудия Арабистонига учиб кетувчи барча йўловчиларда ортга қайтиш авиачиптаси мавжудлиги қатъий текширилади.

«Uzbekistan Airports» компанияси ортга қайтиш чиптаси бўлмаган йўловчилар рўйхатини шакллантириб, ҳар куни «Ўзавиация» агентлигига тақдим этиб боради. Кейинчалик ушбу маълумотлар таҳлил қилиниб, тегишли давлат идораларига киритилади.

Шунингдек, авиакомпаниялар умра зиёратчиларини ташишда Вазирлар Маҳкамасининг 2024-йил 12-октябрда қабул қилинган 668-сонли қарори талабларига қатъий риоя қилиши шарт. Унга кўра, зиёратчиларни ташиш ишлари фақат Дин ишлари бўйича қўмита лицензиясига эга туроператорлар орқали амалга оширилади.

Туроператорлар ҳар бир зиёратчига бориш ва қайтиш авиачипталари, меҳмонхона ваучерлари, трансфер хизматлари ва суғурта полисларини тақдим этиши лозим. Йўловчиларга бу ҳақда рейслар давомида овоз кучайтиргич орқали эслатмалар берилиши ҳам белгиланган.

Транспорт вазирлиги вазиятни доимий мониторинг қилиб боришини ва минтақадаги ҳолатга қараб қўшимча кўрсатмалар берилишини маълум қилди.

Теглар

Мавзуга оид