add

Ўзбекистондан Европага ишга бориш учун виза олиш осонлашиши мумкин

Бугун 16:583342 Дақиқа

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича Халқаро миграция сиёсатини ривожлантириш маркази ўртасида музокара ўтказилди.

Ўзбекистондан Европага ишга бориш учун виза олиш осонлашиши мумкин

Тошкентда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаевнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича Халқаро миграция сиёсатини ривожлантириш маркази минтақавий директори Радим Зак билан учрашуви бўлиб ўтди.

Суҳбат давомида Европа мамлакатларига ишга бораётган Ўзбекистон фуқаролари учун виза талабларини соддалаштириш ва ушбу жараённи янада тизимли қилиш масалалари кенг муҳокама қилинди.

Томонлар миграция сиёсатини такомиллаштириш, Европада эҳтиёж юқори бўлган соҳалар учун мутахассислар тайёрлаш дастурларини кенгайтириш ва марказнинг таълим платформаларида ўзбекистонлик кадрлар иштирокини оширишга келишиб олдилар. Ташкилот ҳукуматлараро ҳужжатларни тезлаштирилган тартибда келишишда кўмак беришга тайёрлигини билдириб, Европа меҳнат бозори талабларига мос квалификацияни ошириш дастурларини амалга ошириш имкониятларини ҳам кўриб чиқмоқда.

Учрашувда Швециядан қайтган фуқароларни барқарор реабилитация ва жамиятга қайта интеграция қилиш механизмларини такомиллаштириш масалалари ҳам муҳокама этилди. Бу йўналишда BOMCA-11 минтақавий дастури доирасидаги амалий натижалар алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, тадбирда Халқаро миграция сиёсатини ривожлантириш марказининг Ўзбекистонда тўлақонли ваколатхонаси очилиши маълум қилинди. Радим Зак муҳокама қилинган барча йўналишлар бўйича амалий ҳамкорликни кучайтириш ниятини тасдиқлади.

Маълумот учун, Халқаро миграция сиёсатини ривожлантириш маркази 1993 йилда Австрия ва Швейцария томонидан ташкил этилган ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, 21 та аъзо давлатни бирлаштиради.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистондан Европага ишга бориш учун виза олиш осонлашиши мумкин | Vaqt.uz