add

Ўзбекистонга 2025 йилда 200 давлатдан туристлар келган

Бугун 11:552 дақиқа

2025 йилда мамлакатга 10,7 миллион нафар хорижий фуқаро туризм мақсадида келгани маълум бўлди.

Ўзбекистонга 2025 йилда 200 давлатдан туристлар келган

Миллий статистика қўмитасига кўра, 2025 йилнинг январ–ноябр ойларида Ўзбекистонга жами 10,7 миллион нафар чет эл фуқароси туристик мақсадларда келган. Ушбу кўрсаткич мамлакатда туризм соҳаси барқарор ривожланаётганини ҳамда халқаро сайёҳлар оқими кенгайиб бораётганини кўрсатади.

Қайд этилишича, мазкур давр мобайнида Ўзбекистонга дунёнинг 200 та давлати ва ҳудудларидан туристлар ташрифи қайд этилган. Бу мамлакатнинг халқаро туристик йўналиш сифатидаги жозибадорлиги ортиб бораётганидан далолат беради.

Статистик маълумотларга кўра, келган туристлар таркибида эркаклар сони 5 миллион 850 минг 226 нафарни ташкил этган. Аёллар эса 4 миллион 899 минг 104 нафар бўлиб, умумий ташриф буюрувчиларнинг салмоқли қисмини ташкил қилган. Бу кўрсаткич туризм хизматларига бўлган талаб гендер кесимида нисбатан мувозанатли эканини кўрсатади.

Туристларнинг ёш бўйича тақсимотига назар ташланганда, энг катта улуш 31–55 ёш тоифасига тўғри келган. Ушбу ёш гуруҳидаги сайёҳлар сони 5 миллион 427 минг 650 нафарни ташкил этган. Бу ҳолат Ўзбекистонга асосан фаол меҳнат ёшидаги ва саёҳат имкониятлари кенг бўлган шахслар ташриф буюраётганини кўрсатади.

19–30 ёшдаги ёшлар орасида 1 миллион 756 минг 723 нафар турист қайд этилган. 56 ёш ва ундан катта сайёҳлар сони эса 2 миллион 181 минг 520 нафарга етган. Болалар ва ўсмирлар, яъни 0–18 ёш тоифасидаги туристлар 1 миллион 383 минг 437 нафарни ташкил этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йилнинг январ–ноябр ойларида қарийб 7 миллион нафар ўзбекистонлик туризм мақсадида чет элга чиққани ҳақида хабар бергандик.

Теглар

Мавзуга оид