Ўзбекистонга пул ўтказмалари 5 йил ичида уч бараварга ошди
2025 йилда Буюк Британиядан пул ўтказмалари ҳажми 2024 йилга нисбатан 39 фоизга, Европа Иттифоқи давлатларидан юборилган маблағлар эса 37 фоизга ошган.

2025 йилда Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари 18,9 миллиард долларни ташкил этди. Бу кўрсаткич 2020 йилдаги 6 миллиард долларга нисбатан 3 баравар юқори.
Марказий банк таҳлилига кўра, асосий пул оқими ҳануз Россия ҳиссасига тўғри келмоқда. Хусусан, 2025 йил январ–октябр ойларида хориждан келган 15,8 миллиард доллар ўтказманинг 78 фоизи ёки 12,3 миллиард доллари айнан шу давлатдан юборилган.
Шунингдек, Қозоғистондан 903 миллион доллар, Туркиядан эса 547 миллион доллар пул келиб тушган. Бу рақамлар ҳам йиллик ўсишни намоён этмоқда ва янги меҳнат бозорларининг аҳамияти ортиб бораётганини кўрсатади.
Шу билан бирга, миграция географияси тобора кенгайиб бормоқда. Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари анъанавий давлатлар — Россия, Қозоғистон, Туркия ва Кореядан ташқари Европа ва Осиё меҳнат бозорларига ҳам фаол кириб бормоқда.
Европа мамлакатидан ўтказмалар
2025 йилда Европа Иттифоқи давлатларидан 563 миллион доллар пул юборилган бўлиб, бу 2024 йилга нисбатан 37 фоизга кўпдир. Шунингдек, АҚШдан 665 миллион доллар ва Жанубий Кореядан 612 миллион доллар юборилиб, ўтган йилга нисбатан 15 фоизга, Буюк Британиядан 188 миллион доллар ўтказма қайд этилиб, тушумлар 39 фоизга ўсган.
Мутахассислар фикрича, пул ўтказмалари ҳажмининг ўсиши меҳнат муҳожирлари ишлаётган давлатларда ишчи кучига талабнинг сақланиб қолиши, иш ҳақларининг барқарорлиги ва иқтисодий фаолликнинг ошиши билан боғлиқ.
БМТ маълумотларига кўра, глобал миқёсда мигрантларнинг асосий қисми юқори даромадли давлатларда жамланган. Энг йирик қабул қилувчи мамлакатлар қаторига АҚШ, Германия ва Саудия Арабистони киради.





