Ўзбекистонга пул ўтказмалари уч ойда 3,8 млрд долларга етди

Бугун 15:401 дақиқа

2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмалари ҳажми сезиларли ўсиб, ички валюта бозоридаги асосий омиллардан бирига айланди.

Ўзбекистонга пул ўтказмалари уч ойда 3,8 млрд долларга етди © myseldon

2026 йил январ–март ойларида Ўзбекистонга халқаро пул ўтказмалари ҳажми 3,79 млрд долларни ташкил этди.

Марказий банк маълумотларига кўра, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13 фоизга ёки 433 млн долларга кўпдир.

Таҳлилларга кўра, пул ўтказмалари мамлакатдаги валюта таклифининг муҳим манбалари қаторида қолмоқда. Хусусан, 2025 йилнинг биринчи чорагида бу кўрсаткич 3,36 млрд доллар бўлган бўлса, 2024 йилда 2,5 млрд доллар даражасида қайд этилган.

0

Ойлар кесимида энг юқори ҳажм март ойига тўғри келган. Январ ва феврал ойларида 1,23 млрд доллардан пул ўтказмалари амалга оширилган бўлса, март ойида бу кўрсаткич 1,33 млрд долларга етган.

Март ойидаги ўсиш динамикаси ҳам эътиборга молик. У 2025 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 10 фоизга, 2024 йил март ойига нисбатан эса 38 фоизга ошган.

Шу билан бирга, 2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистондан хорижга 604 млн доллар пул ўтказилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 39 млн долларга камайганини англатади.

Мутахассислар таъкидлашича, чет эл валютаси таклифининг ошишига экспорт тушумлари, банкларнинг ташқи қарзлари ва пул ўтказмалари асосий ҳисса қўшган. Аҳоли томонидан валюта сотувининг кўпайиши эса бозорда қўшимча барқарорликни таъминлаган.

Маълумот учун, 2025 йил якунига кўра, Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмалари 18,9 млрд долларни ташкил этган ва бу 2024 йилга нисбатан 27,2 фоизга юқори бўлган.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистонга пул ўтказмалари уч ойда 3,8 млрд долларга етди | Vaqt.uz