add

Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари 15,8 млрд долларга етди

Кеча 17:552572 Дақиқа

Марказий банк маълумотларига кўра, хорижий валюталар таклифи жадал ўсиб, январь–октябрь ойларида мамлакатга рекорд миқдорда пул ўтказмалари кириб келди.

Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари 15,8 млрд долларга етди

Марказий банкнинг янги ҳисоботига кўра, 2025 йилнинг январ–октябр ойларида ички валюта бозорида таклиф суръати талабдан тезроқ ўсган. Давр мобайнида хорижий валютага талаб 48,4 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 24 фоизга ошган.

Шу билан бирга, хорижий валюта таклифи 41,2 млрд долларга етди. Бу кўрсаткич Марказий банк операцияларисиз ҳисобланганда ўтган йилга нисбатан 26 фоиз юқори. Юридик шахслар томонидан таклиф қилинган валюта ҳажми ҳам сезиларли ўсиш қайд этиб, уларнинг талаб суръатидан анча юқори бўлган.

Ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт тушумлари ҳисобига шаклланган валюта таклифи 18 фоизга кўпайиб, 14,5 млрд долларга етган. Шу сумманинг 8,1 млрд доллари ички бозорда сотилган бўлиб, ўтган йилга нисбатан 23 фоиз кўпдир. Банклар эса халқаро кредитлар ҳисобига бозорда 7,3 млрд доллар сотиб, бу кўрсаткични 62 фоизга оширган.

Импортни молиялаштиришда ички бозордан харид қилинган валюта улуши 64,8 фоизни ташкил этган. Асосий харид йўналишлари орасида ускуна, хомашё ва ишлаб чиқариш товарлари 51 фоизни, валютадаги кредитларни қоплаш 27 фоизни ташкил қилган.

Жисмоний шахсларнинг банклар билан операциялари ички бозордаги валюта таклифини кучайтирган. Аҳоли банкларга 17,4 млрд доллар сотган — бу ўтган йилга нисбатан 1,3 баробар кўп. Харидлар эса 9,6 млрд долларни ташкил этган.

Натижада аҳоли томонидан таклиф қилинган валюта талабдан 7,8 млрд долларга кўп бўлган. Бу ўсишнинг асосий манбаи халқаро пул ўтказмалари бўлиб, мамлакатга улар орқали 15,8 млрд доллар кириб келган. Бу ўтган йилга нисбатан 25 фоизга, ёки 3,2 млрд долларга кўпроқдир. Шунга қарамай, хорижга жўнатилган ўтказмалар миқдори 2,2 млрд долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан бироз камайган.

Давр мобайнида миллий валюта курси 7 фоизга мустаҳкамланган. Марказий банк бу тенденцияни экспорт тушумлари, ташқи кредитлар, пул ўтказмалари ва инвестициялар ўсиши, шунингдек, импортнинг барқарорлиги билан изоҳлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк келгуси йилда хориждан Ўзбекистонга йўналтириладиган пул ўтказмалари 10 фоизгача ортиши мумкинлигини маълум қилган эди. Ўсиш меҳнат муҳожирларига талаб ва валюталар курсининг барқарорлиги билан изоҳланмоқда.

Теглар

Мавзуга оид