
Ўзбекистонга хориждан пул ўтказмалари ҳажми 17 млрд доллардан ошди
Йил бошидан бери хориждан келган маблағлар сезиларли ўсди, аммо ноябрь ойида ойлик ҳажм пасайган.

Марказий банк маълумотларига кўра, жорий йилнинг январ–ноябр ойларида Ўзбекистонга трансчегаравий пул ўтказмалари орқали 17,3 млрд доллар миқдорида валюта маблағлари келиб тушди.
Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 25 фоизга, ёки 3,5 млрд долларга кўпдир. Кўрсаткичлар мамлакат иқтисодиётида ташқи пул оқимларининг ҳали ҳам муҳим ўрин тутаётганини кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, йил охирига яқин ойларда ўсиш суръати секинлашди. Хусусан, ноябрь ойида пул ўтказмаларининг ойлик ҳажми кескин қисқариб, 1,48 млрд долларни ташкил этди. Бу йил давомидаги энг паст ойлик кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.
Маълумотларга кўра, жорий йилда пул ўтказмаларининг энг юқори ойлик ҳажми июль ойида қайд этилган бўлиб, ўша пайтда мамлакатга 1,97 млрд доллар келиб тушган. Кейинги ойларда пасайиш тенденцияси кузатилиб, октябрь ойида бу кўрсаткич 1,86 млрд долларга тушган.
Шу билан бирга, халқаро пул ўтказмалари орқали Ўзбекистондан хорижга чиқиб кетган валюта маблағлари ҳажми 2,4 млрд долларни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 157 млн долларга кам бўлиб, чиқимлар қисқараётганини англатади.
Йилнинг биринчи ярмида мамлакатга келган пул ўтказмалари 27 фоизга ўсиб, 8,2 млрд долларга етган. Ушбу ўсиш асосан меҳнат мигрантлари фаолияти билан боғлиқ бўлган.
Жўнатилган маблағларнинг катта қисми, яъни 78 фоизи ёки 6,4 млрд доллари Россия ҳиссасига тўғри келади. Қолган маблағлар Қозоғистон, АҚШ, Жанубий Корея, Туркия, Буюк Британия, Қирғизистон, Литва ва бошқа давлатлардан юборилган.
Марказий банк прогнозига кўра, 2026 йилда хориждан Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 6–10 фоизга, ўрта муддатли даврда эса 8–12 фоизга ўсиши мумкин. Регулятор бунга ташқи валюта курслари динамикаси, меҳнат мигрантларига талабнинг юқорилиги ва миграция йўналишларининг кенгайишини асосий омил сифатида кўрсатмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ йил давомида банклар аҳолидан 19,4 млрд доллар валюта сотиб олганлиги ҳақида хабар берган эдик.





