add

Ўзбекистонлик шахматчилар дунёда энг кўп мукофот пули олганлар ўнталигига кирди

Кеча 10:252 дақиқа

Ўзбекистонлик икки гроссмейстер жорий йил давомида 350 минг доллардан ортиқ мукофот пули олган.

Ўзбекистонлик шахматчилар дунёда энг кўп мукофот пули олганлар ўнталигига кирди

Ўзбекистонлик гроссмейстерлар Нодирбек Абдусатторов ва Жавоҳир Синдаров 2025 йилда мукофот пуллари бўйича дунёнинг энг яхши ўн нафар шахматчиси қаторига кирди. Бу ҳақда Chess.com маълум қилди. Ҳар икки шахматчи йил давомида 350 минг доллардан ортиқ даромад олган.

Маълумотларга кўра, Нодирбек Абдусатторов 2025 йилда 16 та йирик халқаро турнирда иштирок этиб, жами 361 800 доллар мукофот пули ишлаб топган. Бу натижа унга жаҳон рейтингида 9-ўринни эгаллаш имконини берди. Таққослаш учун, 2024 йилда у тахминан 133 минг доллар даромад олган бўлиб, бир йил ичида унинг мукофот пуллари қарийб уч бараварга ошган.

3fp2fhi3a3tb1UhYLBP17678038018470_b

Абдусатторовнинг мавсумдаги энг йирик ютуғи 85 минг долларга тенг бўлди. Шунингдек, у London Classic турниридаги ғалабаси билан ҳам эътибор қозонди, бу натижа унинг халқаро майдондаги нуфузини янада оширди.

Жавоҳир Синдаров эса 11 та турнир якунида 349 900 доллар мукофот пули билан жаҳонда 10-ўринни қайд этди. Унинг йил давомидаги энг катта ютуғи ФИДЕ Жаҳон кубогида қўлга киритилган ғалабаси бўлиб, ушбу турнир унга 120 минг доллар даромад келтирди ва фаолиятидаги энг йирик шахсий муваффақиятлардан бирига айланди.

Магнус Карлсен рейтингда биринчи ўринни эгаллади, у қарийб 1,46 миллион доллар ишлаб топди ва йил давомида мукофот пулларидан миллион доллардан ортиқ даромад қилган ягона шахматчи бўлди. Иккинчи ва учинчи ўринларни Фабиано Каруана (тахминан 890 000 доллар) ва Левон Аронян (750 000 доллардан ортиқ) эгаллади.

Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ)нинг 2026 йил январ ойи учун классик рейтингига кўра, дунёнинг энг яхши 100 талигидан беш нафар ўзбекистонлик шахматчи жой олди: Нодирбек Абдусатторов 2751 рейтинг билан 12-ўринда, Жавоҳир Синдаров 21 (2726), Рустам Қосимжонов 51 (2664), Нодирбек Якуббоев 36 (2691) ва Шамсиддин Воҳидов 77-ўринда (2644).

Теглар

Мавзуга оид