Ўзбекистонлик спортчи парасузиш бўйича жаҳон чемпионига айланди
25.09.2025 | 17:002 дақиқа
Парасузувчи Егор Болотов жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритган биринчи ўзбекистонлик эркак сузувчи бўлди.

21−27 сентябр кунлари Сингапурда бўлиб ўтаётган парасузиш бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Егор Болотов олтин медалга эга чиқди. Бу ҳақда Паралимпия қўмитаси хабар берди.
S13 тоифасидаги баҳсларда иштирок этган Болотов 100 м масофага чалқанча сузиш дастурида 58.97 сонияда марра чизиғига етиб борди ва барча рақибларидан устун келди. Иккинчи ўрин голландиялик Томас ван Ваанройга (59,35), бронза эса украиналик Олексий Вирченкога (59,45) насиб этди.
Егор кеча 100 м масофага эркин усулда сузиш баҳсларида бронза медалига эга чиққанди. Мусобақада 60 давлатдан 600 нафар спортчи иштирок этмоқда. Аёллар ўртасида 100 м масофага чалқанча сузиш финалида вакиламиз Мубинабону Халилова (S13) еттинчи ўринга эга бўлди.