
Ўзбекистонликлар 10 ойда соғлиқни сақлаш хизматларига 16,5 трлн сўм сарфлади
Январ–октябр ойларида тиббий хизматлар бозори ўсишда давом этиб, аҳоли томонидан сарфланган маблағ йил давомида сезиларли ошгани қайд этилди.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг ўн ойида Ўзбекистон аҳолиси томонидан соғлиқни сақлаш соҳасида истеъмол қилинган бозор хизматлари ҳажми 16,5 трлн сўмга етди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15,4 фоизга юқори. Умумий бозор хизматлари таркибида тиббий хизматлар улуши 2 фоизни ташкил этди.
Ҳудудлар кесимида кўрилганда, энг катта хизмат ҳажми анъанавий равишда Тошкент шаҳрига тўғри келади. Бу ерда январ–октябр ойларида 7,7 трлн сўмлик соғлиқни сақлаш хизматлари кўрсатилган. Тошкент вилояти 1,6 трлн сўм билан иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, Самарқанд вилоятида бу кўрсаткич 1,2 трлн сўмни ташкил этган.
Фарғона ва Наманган вилоятларида мазкур хизматлар ҳажми мос равишда 1,1 трлн ва 747,7 млрд сўм бўлди. Андижон вилояти 739 млрд сўм, Бухоро 640,1 млрд сўм, Қашқадарё 612,8 млрд сўмлик хизмат кўрсатган.
Шу билан бирга, Хоразм вилоятида тиббий хизматлар 557,8 млрд сўмга, Сурхондарёда 416,8 млрд сўмга етди. Жиззах вилоятида бу сумма 398,8 млрд, Сирдарёда 293,1 млрд, Қорақалпоғистон Республикасида 285,6 млрд сўмни ташкил қилди. Намангандан кейинги паст кўрсаткичлардан бири Навоий вилоятида қайд этилиб, у ерда хизматлар ҳажми 269 млрд сўм бўлди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йил 1 январ ҳолатида Ўзбекистонда ҳар 10 минг аҳолига ўртача 28,6 нафар шифокор тўғри келиши ҳақида хабар берган эдик.





