
Ўзбекистонликлар кўпроқ қайси давлатларга саёҳат қилмоқда?
2025 йилнинг ўн ойида Ўзбекистон аҳолисининг чет элга туризм сафарлари сони ошди. Бунда қўшни мамлакатлар асосий йўналиш бўлиб қолмоқда.

Миллий статистика қўмитасига кўра, 2025 йилнинг январ–октябр ойларида 6,4 миллионга яқин Ўзбекистон фуқароси туристик мақсадларда хорижга сафар қилган.
Қайд этилишича, бу йилги сафарлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан тахминан 1,3 млн нафарга кўпайган. Ўсиш суръати эса 24,7 фоизни ташкил этди.
Маълумотлар сафарларнинг асосий қисми яқин қўшни давлатларга тўғри келаётганини кўрсатади. Қирғизистон 2,8 млн нафар билан биринчи ўринни эгаллаган. Қозоғистонга борган ўзбекистонликлар сони 1,2 млн нафарга, Тожикистонга сафар қилганлар сони эса 1,1 млн нафарга етган.
Шу билан бирга, Россияга 370,1 минг, Саудия Арабистонига 237,1 минг, Туркияга 230,8 минг нафар фуқаро сафар қилгани қайд этилган. Бирлашган Араб Амирликлари 114,1 минг, Миср 56,2 минг, Хитой 39,6 минг ва Ветнам 32,8 минг нафар сайёҳ билан рўйхатдан ўрин олган. Қолган давлатларга йўл олганлар сони 204,1 минг нафарни ташкил этган.
Аввалроқ 2025 йил 10 ойида Ўзбекистонга 200 га яқин мамлакатлардан туризм мақсадида келганлар сони 9,7 миллион нафарга етгани маълум қилинганди.





