Logo

Ўзбекистонликлар Қирғизистонда 15 кунгача рўйхатдан ўтмасдан юриши мумкин бўлди

Тегишли протокол Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров ўртасидаги музокаралар якунида имзоланди.

Ўзбекистонликлар Қирғизистонда 15 кунгача рўйхатдан ўтмасдан юриши мумкин бўлди © Foto: president.uz

Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларининг икки мамлакат ҳудудида бўлиш тартибини соддалаштиришга келишиб олди.

Энди икки мамлакат фуқаролари давлат чегарасини кесиб ўтганидан сўнг 15 кун давомида доимий ёки вақтинчалик рўйхатдан ўтмасдан яшаши мумкин бўлади.

Тегишли протокол 30 июл куни президентлар Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров ўртасидаги музокаралар якунида имзоланган.


Рўйхатдан ўтиш муддати узайтирилди

Қайд этилишича, протоколнинг асосий мақсади икки давлат фуқароларининг ўзаро сафарлари тартибини либераллаштириш ва қабул қилувчи мамлакат ҳудудида бўлиш қоидаларини соддалаштиришдан иборат.

Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари давлат чегарасини кесиб ўтганидан кейин 15 кун мобайнида қабул қилувчи мамлакатнинг ваколатли органларида доимий ёки вақтинчалик рўйхатдан ўтиши шарт бўлмайди.

Бу ўзгариш амалдаги тартибни сезиларли даражада енгиллаштиради. Чунки ҳозиргача Қирғизистон қонунчилигига кўра, Ўзбекистон фуқаролари мамлакатга кирганидан кейин беш кун ичида ички ишлар органларида рўйхатдан ўтиши лозим бўлган.

Ўзбекистон президенти Қирғизистонга борди

Бугун, 30 июл куни, Қирғизистон ва Ўзбекистон президентлари Садир Жапаров ва Шавкат Мирзиёев Чўлпонота шаҳрида яккама-якка ва кенгайтирилган музокаралар ўтказди.

Учрашувдан маълум бўлишича, ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш вазифасидан келиб чиқиб, яқин фурсатда импорт ўрнини фаол босиш асосида ўзаро маҳсулот етказиб бериш ҳажмларини ошириш чоралари кўрилади. Шунингдек, икки давлат пойтахтларида савдо уйлари ва ваколатхоналари очилади.

Шунингдек, Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳридаги «Руҳ Ордо» маданият марказида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни I даражали «Манас» ордени билан тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.

Теглар

Мавзуга оид