add

Ўзбекистонликлар Россияда шахсий машиналари учун миллий "права"дан фойдаланишлари мумкин — элчихона

Ўзбекистон элчихонаси миллий ҳайдовчилик гувоҳномасидан қандай ҳолатларда фойдаланиши мумкинлигини тушунтирди.

Ўзбекистонликлар Россияда шахсий машиналари учун миллий "права"дан фойдаланишлари мумкин — элчихона

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси мамлакат фуқароларига миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларидан фойдаланишга оид амалдаги қоидалар юзасидан янгиланган маълумотни тақдим этди.

Элчихона таъкидлашича, Россия қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгаришларга кўра, ўзбекистонликлар шахсий мақсадда транспорт воситасини бошқаришда миллий ҳайдовчилик гувоҳномасидан муаммосиз фойдаланишда давом этиши мумкин. Бу норма расман амал қилади ва ҳудуддаги барча фуқаролар учун қонуний кучга эга.

Элчихона маълумотига кўра, шахсий автотранспортни бошқаришда миллий гувоҳнома етарли ҳисобланади. Бу ўз навбатида Россияда вақтинча ёки доимий яшаб турган ўзбекистонликлар учун қўшимча расмийлаштириш талабларини камайтиради ва фуқароларнинг кундалик ҳаракатида енгиллик яратади.

Шу билан бирга, Россия ҳудудида касбий ҳайдовчилик фаолияти билан шуғулланиш тартиби алоҳида талабларга эга. Такси хизматлари, юк ташиш, йўловчи ташиш каби тижорий йўналишларда ишлашни истаган хорижликлар Россия ҳайдовчилик гувоҳномасини олиши шарт. Бу жараён белгиланган имтиҳонлардан ўтиш, махсус тайёргарликни тасдиқлаш ва расмий рухсатномаларни олишни ўз ичига олади.

Элчихона Россия мутасадди идоралари билан доимий мулоқотда эканини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор барча янгиликлар ҳақида ўз вақтида маълумот бериб боришини қайд этди.

Теглар

Мавзуга оид

Ўзбекистонликлар Россияда шахсий машиналари учун миллий "права"дан фойдаланишлари мумкин — элчихона | Vaqt.uz