Ўзбекистонликлар визасиз кира оладиган давлатлар 50 тага етказилади
2030 йилгача ўзбекистонликлар визасиз бора оладиган давлатлар сони 16 тага оширилади.
© yuz.uzЎзбекистон фуқаролари визасиз бориши мумкин бўлган давлатлар сони 2030 йилгача 50 тага етказилади. Бу мақсад 2026 йил 16 февралда тасдиқланган янги таҳрирдаги «Ўзбекистон 2030» стратегиясида белгилаб қўйилган.
Айни вақтда нечта давлатга визасиз кириш мумкин?
Ҳозирги кунда ўзбекистонликлар 34 та давлатга визасиз кириш ҳуқуқига эга. Жорий йилда яна икки давлат билан визасиз режим йўлга қўйилиши режалаштирилган. Натижада бу кўрсаткич 36 тага етади.
Стратегияга мувофиқ, 2027 йилда визасиз қабул қилувчи мамлакатлар сони 38 тагача оширилади. 2028 йилда бу рақам 42 тага, 2029 йилда эса 46 тага етказилиши кўзда тутилган. Шундай қилиб, беш йил ичида қўшимча 16 та давлат билан визасиз тартиб жорий этилади.
Айни пайтда ўзбекистонликлар 42 та мамлакатга соддалаштирилган виза тартиби асосида кириш имкониятига эга. «Ўзбекистон 2030» стратегиясида ушбу кўрсаткични ҳам 2030 йилгача 60 тагача ошириш вазифаси белгиланган.
Мобил платформа
Шунингдек, консуллик хизматларини рақамлаштириш доирасида мобил платформа ишлаб чиқилади. У орқали фойдаланувчилар сонини 60 минг нафарга етказиш режалаштирилган. 2025 йилда бу кўрсаткич 8,5 минг нафарни ташкил этган.
Маълумот учун, 2025 йилда ўзбекистонликлар учун Хитой ва Иорданияга визасиз кириш тартиби жорий этилган. Ташқи ишлар вазирлиги Европа Иттифоқи ҳамда бошқа қатор давлатлар билан ишчи ва туристик визаларни енгиллаштириш юзасидан музокаралар олиб бормоқда.





