Ўзбекистонликларга Туркия клиникаларида бепул даволанишга квота берилади — ТИВ
Икки давлат ўртасидаги янги келишувга кўра, ҳар йили махсус квота асосида туркиялик шифохоналарда бепул тиббий хизмат кўрсатилади.

Ўзбекистон фуқаролари эндиликда Туркия тиббиёт муассасаларида бепул юқори малакали тиббий ёрдам олиш имкониятига эга бўлади. Бу Ўзбекистон ва Туркия ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасида имзоланган ҳукуматлараро келишув асосида амалга оширилади. Ҳужжатга кўра, ҳар йили белгиланган махсус квота доирасида ўзбекистонлик беморлар туркиялик клиникаларда даволаниши мумкин.
Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги департамент бошлиғи Амир Султонов Ўзбекистон ва Туркия ўртасида Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилишидан сўнг маълум қилди. Унинг таъкидлашича, мазкур келишув тиббий хизматлар соҳасида икки давлат ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқади.
Йиғилиш якунида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон қўшма баёнот имзолади. Унда икки давлат ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликни чуқурлаштиришга қаратилган устувор йўналишлар белгилаб берилган.
Шунингдек, ҳар томонлама стратегик шериклик механизмлари тўғрисида қарор қабул қилиниб, доимий қўшма қўмиталар ташкил этиш ҳамда амалий аҳамиятга эга тизимли лойиҳаларни рўёбга чиқариш назарда тутилди. Музокараларда иқтисодий ҳамкорлик, айниқса транспорт соҳасига алоҳида эътибор қаратилди.
Контейнер поездлар йўлга қўйилади
Хусусан, Ўзбекистон — Туркманистон — Эрон — Туркия йўналиши бўйича контейнер поездларини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бу экспорт-импорт жараёнларини тезлаштириш ва тадбиркорлар учун Европа бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Бундан ташқари, томонлар махсус иқтисодий зоналар соҳасида ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олди. Бу Ўзбекистонга Туркиядан инвестиция ва замонавий технологиялар жалб этишга хизмат қилиши кутилмоқда.
29-январ куни Ўзбекистон ва Туркия президентлари Анқарада Олий даражадаги стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилишини ўтказди. Улар Кенг қамровли стратегик шериклик доирасидаги ҳамкорлик механизмлари тўғрисида қарор имзолади. Ҳукуматлар ва идоралар ўртасида бир қатор ҳужжатлар имзоланди.
Давлат раҳбарлари Ҳатай вилоятида жойлашган «Ўзбекистон» турар жой мажмуаси очилиш маросимида ҳам иштирок этди. 2023-йилдаги зилзиладан жабр кўрган оилалар учун қурилган ушбу мажмуа 300 дан ортиқ квартирали 24 та бинодан иборат. Истанбулда ўзбек мактаби қурилиши ҳам бошланди.





