Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятида бизнес-инкубаторлар ташкил этилади
08.08.2025 | 20:003 дақиқа
Президент Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда 92 минг нафар ишсиз битирувчини иш билан таъминлаш бўйича чоралар белгиланди.

Ўзбекистонда ёшларни иш билан таъминлаш бўйича кенг қамровли чоралар кўрилади. Президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги йиғилишда ҳар бир вилоятда бизнес-инкубаторлар ташкил этилиши белгиланди. Бу инкубаторлар орқали тадбиркорлик стартаплари, маркетинг, дизайн ва AT хизматлари соҳаларида 15–20 минг нафар битирувчи банд қилинади.
Йиғилишда ҳозирда ишсиз бўлган 92 минг нафар битирувчини ишга жойлаштириш бўйича вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, 20 минг ёш магистратура ва иккинчи мутахассислик орқали қамраб олинади. Яна 20 минг битирувчи стаж талаб этилмайдиган 10 мингга яқин корхоналардаги иш ўринларига жойлаштирилиши мумкин.
Бундан ташқари, кимё, энергетика, геология, автомобилсозлик, металлургия ва фармацевтика тармоқларида 10 мингга яқин мутахассисни — муҳандис, технолог, молиячи ва иқтисодчиларни иш билан таъминлаш режалаштирилган.
Шунингдек, тўқимачилик, чарм, электроника, қурилиш материаллари ҳамда озиқ-овқат саноатида 5–7 минг битирувчи доимий ишга жойлаштирилади.
Мутасаддиларга транспорт, логистика, йўлсозлик, қурилиш ва коммунал соҳаларда 6 минг, педагогика, тиббиёт, ижтимоий ҳимоя ва маданият соҳаларида 10 минг битирувчини иш билан таъминлаш вазифаси юклатилди.
30 минг ёшга ўз бизнесини йўлга қўйишда бизнес-инкубаторлар орқали амалий ёрдам кўрсатилади. Бу орқали битирувчилар мустақил тадбиркор сифатида фаолият бошлашига шароит яратилади.





