Ўзбекистоннинг ташқи қарзи қандай ўзгармоқда

Сўнгги беш йилда мамлакатнинг ташқи қарзи 2,5 баробарга ўсди. Давлат қарзи улуши камайган бўлса-да, банк секторининг мажбуриятлари рекорд даражада кўпайди.

Ўзбекистоннинг ташқи қарзи қандай ўзгармоқда

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги якунига кўра, Ўзбекистоннинг ялпи ташқи қарзи 72 миллиард доллардан ошиб кетди. Марказий банк маълумотларига кўра, бу кўрсаткич сўнгги беш йил ичида 2,5 баробарга, пандемиядан олдинги даврга нисбатан эса 3,4 баробарга ошган.

qarz 2

2019 йил билан таққослаганда, ташқи қарз таркибида давлат қарзи етакчиликни сақлаб қолган бўлса-да, унинг улуши бироз камайган. Агар 2019 йилнинг биринчи ярмида давлат қарзи ялпи ташқи қарзнинг 46,7 фоизини ташкил этган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 45,6 фоизга тушган. Молиявий секторда қарз жалб қилиш ҳажмининг ўсиши бу ўзгаришнинг асосий сабаби сифатида қайд этилмоқда.

Банк секторининг норезидентлар олдидаги мажбуриятлари 2019 йилга нисбатан 10 баробарга ошган. Натижада банк секторининг ялпи ташқи қарздаги улуши 7,2 фоиздан 21,5 фоизга етган. Бу ўсишда қисқа муддатли мажбуриятлар катта аҳамият касб этган — улар 38,7 баробарга кўпайиб, 3,3 миллиард долларга етган. Мажбуриятларнинг ярми нақд пул ва депозитларга, қолган қисми эса кредитларга тўғри келади.

Шу билан бирга, номолиявий корхоналарнинг ташқи қарзи анча паст суръатда ўсган. Бу сектордаги ташқи мажбуриятлар 2,4 баробарга ортиб, 23,8 миллиард долларни ташкил этди. Уларнинг таркибида қисқа муддатли мажбуриятлар — асосан савдо кредити ва аванслар — улуши 2019 йилдаги 4 фоиздан 9,5 фоизгача кўтарилган.

Мутахассислар фикрича, ташқи қарзда банк сектори улушининг кескин ортиши молия бозори фаоллиги ўсганидан далолат берса-да, қисқа муддатли қарзлар улушининг кўпайиши ташқи рисклар хавфини ҳам ошириши мумкин.

Теглар

Мавзуга оид