Logo

Ўзбекистоннинг ташқи савдоси 65 млрд доллардан ошди: импорт ҳажми экспортдан юқори

Бугун 12:452 дақиқа

Тўққиз ойда импорт ҳажми экспортга нисбатан тезроқ ўсиб, улар ўртасидаги тафовут 13,7 млрд долларни ташкил қилди. Ташқи савдо айланмасининг қарийб ярми Хитой ва Россия ҳиссасига тўғри келмоқда.

Ўзбекистоннинг ташқи савдоси 65 млрд доллардан ошди: импорт ҳажми экспортдан юқори © Sputnik

2026-йилнинг январ–сентябр ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 65,4 млрд долларни ташкил этди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.

Кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,9 млрд доллар ёки 6,3 фоизга ошган. Бироқ ташқи савдо айланмасининг ўсишига импорт ҳажмининг кўпайиши кўпроқ таъсир қилган.

Экспорт камайди, импорт эса ошди

Ҳисобот даврида Ўзбекистон экспорти 25,8 млрд долларни ташкил этди. Бу 2025-йилнинг мос даврига нисбатан 5,5 фоизга кам.

Шу билан бирга, олтинни ҳисобга олмаганда, товарлар экспорти 13,3 млрд долларга етди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 31,6 фоизга кўп.

Импорт ҳажми эса 39,6 млрд долларни ташкил этиб, бир йил ичида 15,7 фоизга ошди. Импорт таркибида энг катта улуш машина ва транспорт ускуналарига тўғри келган.

Натижада мамлакат ташқи савдосида 13,7 млрд долларлик манфий салдо юзага келди. Бошқача айтганда, Ўзбекистон хориждан сотиб олган товар ва хизматлар қиймати экспорт тушумидан шунча миқдорга юқори бўлди.

Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари кимлар?

2026-йилнинг январ–сентябр ойларида Ўзбекистон дунёнинг 200 дан ортиқ мамлакати билан савдо алоқаларини амалга оширди. Бироқ ташқи савдо айланмасининг катта қисми 5 давлат ҳиссасига тўғри келмоқда.

Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкори Хитой бўлиб, икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси 15,17 млрд долларни ташкил этди. Бу умумий ташқи савдо ҳажмининг 23,2 фоизига тенг. Кейинги ўринда 10,47 млрд долларлик кўрсаткич билан Россия (16 фоиз), ундан сўнг 4,25 млрд доллар билан Қозоғистон (6,5 фоиз) турибди.

Шунингдек, Туркиянинг ташқи савдодаги улуши 3,4 фоизни, Афғонистоннинг улуши эса 2,4 фоизни ташкил этган.

Шундай қилиб, Хитой, Россия ва Қозоғистоннинг ўзи Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг 45,7 фоизини шакллантирган. Бешта асосий ҳамкор давлат ҳиссасига эса жами савдонинг 51,5 фоизи тўғри келган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг 2026-йилнинг 8 ойида ташқи савдоси 57 млрд долларни ташкил этганди.  Хусусан, экспорт 22,9 млрд долларга етиб, бир йилга нисбатан 3,4 фоизга камайган. Импорт эса 34,5 млрд долларни ташкил этиб, 16,3 фоизга кўпайган. Экспортда саноат маҳсулотлари, импортда эса машина ва транспорт воситалари етакчилик қилган.

Теглар

Мавзуга оид