Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 82 млрд доллардан ошди

Бугун 19:242 дақиқа

Ўсиш фонида хусусий сектор ташқи қарзи илк марта давлатникидан ўтиб кетди.

Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 82 млрд доллардан ошди

2026-йилнинг 1-январ ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 82,2 млрд долларни ташкил қилди. Бу ҳақда Марказий банк ҳисоботидан маълум бўлди

Умумий ташқи қарз таркибида давлат ташқи қарзи қолдиғи 2025 йил давомида 40,5 млрд долларга етди. Қарзнинг ялпи ички маҳсулотга (ЯИМ) нисбата 2024-йил билан солиштирилганда 0,4 фоиз бандга камайиб, 27,5 фоизни ташкил этди. 

Бизнес томонидан чет элдан жалб қилинган хусусий ташқи қарз эса давлат қарзидан ўтиб кетди ва 41,7 млрд долларгача ўсди. Регулятор қайд этишича, бу маблағларнинг 92 фоиздан ортиғи узоқ муддатли шартларда жалб қилинган. 

Корпоратив ташқи қарзлар бўйича давлат зиммасида мажбурият мавжуд эмас — улар бўйича тўловлар тўлиқ компания ва банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. 

Шунингдек, Ўзбекистоннинг ташқи мажбуриятлари умумий ҳисобда 109,3 млрд долларга етган. Бу кўрсаткич мамлакатнинг халқаро инвестициявий мажбуриятларини (яъни фақат қарз эмас, балки инвесторлар олдидаги бошқа мажбуриятларни ҳам) ўз ичига олади.

Шу билан бирга, мамлакатнинг соф халқаро инвестициявий мавқеи 2026-йил бошига келиб 19,1 млрд долларгача яхшиланган. Бу — Ўзбекистоннинг ташқи активлари ташқи мажбуриятлардан юқори эканини англатади.

Давлат ташқи қарзи бўйича маълумотларда фарқ бор

Марказий банк Ўзбекистон давлат ташқи қарзи 2025 йилда 40,5 млрд долларгача ўсганини маълум қилган бўлса, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эса бу кўрсаткич 39,8 млрд доллар эканини қайд этганди. 

Ўзбекистонга энг кўп қарз берган ташкилотлар таркиби қуйидагича: 

Жаҳон банки — 8,9 млрд доллар;

Осиё тараққиёт банки — 8,4 млрд доллар;

Халқаро облигациялар — 5,8 млрд доллар;

Хитой молия ташкилотлари – 3,9 млрд доллар;

Япония молия ташкилотлари — 2,9 млрд доллар;

Осиё инфратузилма инвестициялари банки — 2,3 млрд доллар;

Франция молия ташкилотлари – 1,3 млрд доллар; 

Ислом тараққиёт банки — 1 млрд доллар.

1 январ ҳолатига кўра, ҳар бир ўзбекистонликка тўғри келадиган давлат қарзи 1 225 доллар атрофида бўлиб турибди. 

Теглар

Мавзуга оид