«Ўзбекнефтгаз» 2,5 трлн сўм тежади
Соҳага оид бўлмаган активларни тасарруфдан чиқариш орқали сақлаш харажатлари дастлабки уч ойда 30 млрд сўмга қисқарган.

«Ўзбекнефтгаз» аксиядорлик жамиятида сарф-харажатларни тизимли қисқартириш ва оптималлаштириш натижасида жорий йилнинг дастлабки чорагида эришилган самара ва қисқартирилган харажатлар 2,5 трлн сўмни ташкил қилди. Бу ҳақда бугун, 20-апрел куни 2026 йил I-чорак сарҳисоби ҳамда «Долзарб 100 кунлик» дастури натижалари бўйича ўтаётган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Тежалган маблағлар
Қайд этилишича, соҳага оид бўлмаган активларни тасарруфдан чиқариш орқали сақлаш харажатлари дастлабки уч ойда 30 млрд сўмга қисқартирилган. Қурилиш ва бурғилаш лойиҳалари қийматини оптималлаштириш ҳисобига эса йил бошидан 438 млрд сўм тежалган.
Шу билан бирга, товар-моддий ресурслар ва хизматлар нархларини пасайтириш, дебитор қарздорликларни ундириш ҳамда ишлаб чиқарувчилар билан тўғридан тўғри музокаралар олиб бориш натижасида 1,8 трлн сўм маблағ тежалган.
Шунингдек, пудратчилар билан илгари тузилган шартномаларни қайта кўриб чиқиш натижасида нархлар 20 фоизгача арзонлаштирилган ва лойиҳа-смета ҳужжатларини такомиллаштириш ва ишларни бажариш муддатини 3 ойга қисқартириш ҳисобига умумий ҳисобда 26,3 млрд сўм тежамкорликка эришилган.





