add

«Ўзбекнефтгаз» газ қазиб олиш ҳажми ошмаётгани сабабини очиқлади

Компания таҳлилларига кўра, янги газ захираларининг етарлича кўпаймаслиги қазиб олиш ҳажмини барқарор оширишга асосий тўсиқ бўлмоқда.

«Ўзбекнефтгаз» газ қазиб олиш ҳажми ошмаётгани сабабини очиқлади

Ўзбекистонда табиий газ қазиб олиш ҳажмларининг барқарор ўсишига янги захираларнинг етарли даражада қўшилмаётгани асосий сабаб бўлмоқда. Қайд этилишича, газ салоҳиятини ошириш учун геология-қидирув ишлари ҳозирги суръатларда талаб даражасида эмас.

Компания маълумотларига кўра, истиқболли инвестиция блокларининг катта қисми хусусий инвесторларга берилган бўлса-да, улар томонидан қидирув ишлари суст олиб борилмоқда. Бу ҳолат янги саноат захираларининг очилиши ва қазиб чиқариш ҳажмларининг кенгайишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

12 январ куни «Ўзбекнефтгаз»нинг янги раиси Абдуғани Сангинов компаниянинг ҳозирги ҳолати ва келгусидаги режалари бўйича Шавкат Мирзиёевга тақдимот киритган. Унда президент табиий газ захиралари ҳамда қазиб олиш ҳажмларини ошириш орқали қайта ишлаш корхоналарининг мавжуд қувватларидан тўлиқ фойдаланишни асосий вазифа сифатида белгилаганди.

Мазкур топшириқ ижроси бўйича ўтказилган йиғилишда Сурхондарё, Ҳисор ва Устюрт ҳудудларида захираси оширилмаган 31 та инвестиция блокини қайта хатловдан ўтказиш таклифи илгари сурилди. Шунингдек, Геология вазирлиги балансидаги айрим блокларни «Ўзбекнефтгаз» тасарруфига ўтказиш режалаштирилмоқда. 2026–2027 йилларда компания ҳар йили 30 тадан янги тайёр истиқболли майдонларни қабул қилиши кутилмоқда.

Йиғилишда газ қазиб чиқариш соҳасидаги хусусий операторлар фаолиятини қайта кўриб чиқиш, мажбуриятларини бажармаётган инвесторлар ўрнига очиқ тендерлар орқали янги сармоядорларни жалб этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Айниқса, кам захирали ёки қазиб олиш мураккаб бўлган конлар учун нарх белгилаш механизмларининг йўқлиги инвесторлар қизиқишини пасайтираётгани таъкидланди.

Шунингдек, дивиденд тўловларини геология-қидирув ишларига йўналтириш, маҳсулотларни очиқ биржа савдолари орқали сотиш ва SCADA тизимлари орқали маҳсулот ҳаракатини тўлиқ назорат қилиш режалари маълум қилинди. Президент топшириғига кўра, 2026 йилда кунлик газ қазиб чиқариш ҳажмини 70 миллион куб метрга етказиш учун аниқ геологик ва техник чора-тадбирлар амалга оширилади.

Теглар

Мавзуга оид