«Ўзбекнефтгаз» собиқ раҳбари Баҳодиржон Сидиқов иши судга оширилди
Тошкент шаҳар суди матбуот котибининг Vaqt.uz'га маълум қилишича, Сиддиқовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши айни пайтда ЖИБ Яшнобод туман суди иш юритувига келиб тушган.
© Ijtimoiy tarmoqlar«Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятининг собиқ бошқарув раиси Баҳодиржон Сидиқовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши судга оширилди. Бу ҳақда Vaqt.uz'га Тошкент шаҳар суди матбуот котиби Турсунали Акбаров маълум қилди.
Маълумотларга кўра, Сиддиқов билан боғлиқ жиноят иши Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди иш юритувига келиб тушган ва мазкур иш бўйича жами тўққиз нафар шахс судланмоқда. Улар орасида «Enter Engineering Pte. Ltd» компанияси бош директори Улуғбек Усмонов, «Eriell Management» МЧЖ директори Нодиржон Бобоев ҳамда «O‘zbekneftgaz» АЖ бошқарув раисининг собиқ ўринбосари Бахтиёр Анаркулов ҳам бор.
Акбаровнинг маълум қилишича, Баҳодиржон Сидиқов ва бошқа судланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а», «в» бандлари, 205-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари, 209-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари ҳамда 243-моддаси билан жиноят иши юритилмоқда.
Судланувчиларнинг беш нафарига нисбатан қамоққа олиш, қолган тўрт нафарига эса гаров эҳтиёт чораси қўлланилган.





