add

Ўзини дистрибютор деб таништирган фирибгар қўлга олинди

Бугун 13:552 дақиқа

Ижтимоий тармоқлар орқали катта даромад ваъда қилган шахснинг ҳаракатлари кўплаб фуқароларга жиддий молиявий зарар етказган.

Ўзини дистрибютор деб таништирган фирибгар қўлга олинди

Тошкент шаҳрида ўзини йирик дистрибьютор ва тадбиркор сифатида таништириб, фуқароларни катта миқдорда пулга чалдирган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати маълум қилди. Айтилишича, ушбу шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тергoв маълумотларига кўра, 1986 йилда туғилган Хайрулло Шокиров ижтимоий тармоқлардаги Instagram, Telegram ва YouTube платформалари орқали фаолият юритиб, ўзини йирик дистрибютор сифатида кўрсатган. У гўёки хориждан анор шарбати ва салқин ичимликларни катта ҳажмда олиб кириб, Ўзбекистондаги савдо тармоқларига етказиб бериш ваколатига эга экани ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатган.

Шокиров фуқароларга юқори фоизли даромад ваъда қилиб, уларнинг ишончини қозонган. Тергов давомида у ишончни суиистеъмол қилиш ва алдов йўли билан жуда кўп миқдорда пул маблағларини ўзлаштиргани аниқланган. Натижада кўплаб жабрланувчиларга катта моддий зарар етган.

Мазкур ҳолат бўйича у Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди, яъни жуда кўп миқдорда фирибгарлик содир этиш гумони билан жавобгарликка тортилган. Суд қарорига асосан, унга нисбатан қамоqqa олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Пойтахт ИИББ фуқароларга мурожаат қилиб, агар ушбу шахснинг ҳаракатларидан жабр кўрган ёки иш бўйича қўшимча маълумотга эга бўлганлар бўлса, тергов органларига мурожаат қилишни сўради. Қонунчиликка кўра, жуда кўп миқдорда фирибгарлик учун катта жарима ёки 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси назарда тутилган.

«Ҳурматли фуқаролар! Агар сиз мазкур шахснинг жиноий хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган бўлсангиз ёки ушбу ҳолатлар бўйича бирор маълумотга эга бўлсангиз, Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармасининг 71-206-40-99, 71-206-42-52 рақамларига ёки 102 қисқа рақами орқали мурожаат қилишингизни сўраймиз», дейилади пойтахт ИИББ хабарида.

Теглар

Мавзуга оид