Ўзини ўзи банд қилганлар учун ижтимоий солиқ тўлаш мажбурий бўлиши кутилмоқда
2027 йил 1 январдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахслар учун ижтимоий солиқ тўлаш ихтиёрийдан қатъий (мажбурий) тартибга ўтказилиши мумкин.
© manba: nalog.gov.ruЎзбекистонда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун ижтимоий солиқ тўлашни қатъий тартибда жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ва эълон қилинган пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш бўйича Президент фармони лойиҳасида келтирилган.
Мазкур лойиҳа бўйича жамоатчилик муҳокамаси 30 сентябрга қадар давом этади.
Тўлов миқдори ва ижтимоий суғурта
Ҳужжатда қайд этилишича, ушбу ўзгариш ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг пенсия таъминоти ва давлат ижтимоий суғуртасидан фойдаланиш имкониятини таъминлашни назарда тутади.
Лойиҳага кўра, базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) бир баравари (сентябр ойидан бошлаб — 440 минг сўм) миқдорида мажбурий тўлов жорий этиш таклиф этилмоқда. Бунда фуқароларга солиқни йил давомида бўлиб-бўлиб — ойига 36,6 минг сўмдан тўлаш имконияти берилади. Ҳозирда ўзини ўзи банд қилганлар томонидан ижтимоий солиқ тўлаш ихтиёрий бўлиб, у фақатгина меҳнат стажини шакллантиришда ҳисобга олинади.
Янги тартибга мувофиқ, ўзини ўзи банд қилганлар томонидан тўланган ижтимоий солиқнинг 10 фоизи Давлат ижтимоий суғурта жамғармасига йўналтирилиши кўрсатилган. Натижада ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақалари (касаллик варақаси) белгиланган тартибда мазкур жамғарма ҳисобидан тўлаб берилиши белгиланмоқда.
Ёши катта ходимлар учун иш вақти ва пенсия харажатлари
Лойиҳада 55 ёшдан ошган аёллар ва 60 ёшдан ошган эркаклар учун ўртача иш ҳақини сақлаб қолган ҳолда қисқартирилган иш вақтини жорий этиш таклиф этилган.
Шунингдек, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинлаш жараёнида айнан 55 ёшдан ошган аёллар ва 60 ёшдан ошган эркаклар учун расмий даромаднинг мавжудлиги ҳисобга олинмаслиги қайд этилган.
Бундан ташқари, 2027 йилдан бошлаб меҳнат стажига қўшиб ҳисобланадиган, бироқ ижтимоий солиқ ва Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланмаган даврлар бўйича харажатларни давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаш таклиф қилинган.
Пенсияларни энг кам миқдорга етказиш, пенсияларга устама ва қўшимча тўловлар ҳам бюджетдан молиялаштирилиши кўрсатилган.
Корхоналар учун солиқ имтиёзларини бекор қилиш таклифи
2030 йил 1 январдан бошлаб корхона ва ташкилотлар учун ижтимоий солиқни тўлаш бўйича амалдаги имтиёзларни (ставка — 12 фоиз) бекор қилиш таклиф этилмоқда. Ҳужжатга кўра, бу йўналишда янги имтиёзлар жорий этилмайди.





