
Озиқ-овқат маҳсулотларига санитария хулосаси бериш тартиби белгиланди
Ҳукумат қарори билан озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига санитария-эпидемиологик хулоса бериш бўйича янги тартибни тасдиқланди.

13 ноябр куни қабул қилинган 720-сонли Ҳукумат қарори билан «Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига санитария-эпидемиологик хулоса бериш бўйича давлат хизматини кўрсатиш»нинг маъмурий регламенти тасдиқланди. Мазкур хулоса 3 йил муддатга расмийлаштирилиши кўзда тутилди.
Янги тартибга кўра, хулоса четдан олиб кирилаётган маҳсулотга маҳсулотнинг яроқлилик муддати давомида берилади. Яроқлилик муддати кўрсатилмаган маҳсулотларга эса муддат белгиламасдан санитария-эпидемиологик баҳо тақдим этилади.
Санитария-эпидемиологик хулоса бир қатор ҳолатларда мажбурий ҳисобланади. Жумладан, янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилганда, маҳсулот таркиби ўзгарганда, технологик жараён қисмлари ёки жамланмалари алмаштирилганда хулоса олиниши шарт. Шунингдек, тажриба тариқасида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар, республикага олиб кирилаётган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги товарлари ҳам санитария хулосасиз муомалага чиқарилмайди.
Шунингдек, амалдаги санитария-эпидемиологик хулосанинг муддати тугаганда корхона ёки тадбиркор уни қайта расмийлаштириши лозим. Давлат хизматига мурожаат Давлат хизматлари марказлари орқали ёки электрон тарзда ЯИДХП — my.gov.uz орқали амалга оширилади.
Регламентга мувофиқ, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси хулосани QR-код билан тасдиқлайди ва натижани бир иш куни ичида ариза берувчининг шахсий кабинетига юбориш имкониятини яратади.





