ЎзЖОКУда формасиз талабалар дарсга киритилмади: томонлар қандай фикрда?
Ўзбекистон олий таълим тизимида таълим сифатини ошириш борасидаги баҳс, тортишувлар ёки янги усуллар муҳокамасига кўп дуч келавермаймиз. Аммо бу соҳада мажбурий форма масаласи доимий кўтариладиган, норозиликларга сабаб бўладиган мавзулигича қолмоқда.

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида талабалардан мажбурий форма талаб қилиниши ва формасиз талабалар дарсларга киритилмаётгани ҳолати ижтимоий тармоқларда муҳокамалар марказига чиқди. Жумладан, университет талабаси Баҳодир Элибоев ўтган ҳафта берилган ички буйруқ асосида 16 феврал куни тахминан 100 нафар талаба (бакалавр ва магистрантлар) ўқишга киритилмагани ҳақида ёзди.
«Ўтган ҳафта проректор кириб, оқ кўйлак ва галстукда бўлиш кераклигини тавсия қилган эди. Бошланган ҳафтадан ушбу тавсия кучга кирган кўринади ва тахминан 100 нафар талаба ўқишга киритилмади. Уларга оқ кўйлак ва галстуксиз киритилмаслиги айтилди. Сиз қандай фикрдасиз? Журналистиканинг таълим даргоҳларида дресс-код қанчалик муҳим?» — дея ёзди Элибоев «ЎзЖОКУда дресс-код масаласи ҳануз актуал» сарлавҳали постида.
Элибоев постига шунингдек, бўйинбоғ тақмагани учун дарсга киритилмаган магистрантлардан бири Акмал Йўлдошев билан қилган суҳбати видеосини ҳам илова қилган. Видеода Йўлдошев дуч келган муаммоли вазият ҳақида гапираркан, таълим даргоҳида ўзининг таъкидича, бир қатор ҳуқуқлари жиддий поймол этилмоқда.
«Дарсга тайёрландингми? Маърузаларга қатнашдингми? Адабиётларни ўқидингми? — деб ҳеч ким мендан сўрагани йўқ. Галстук тақмабсан, дарсга киритилмайсан, бўлмаса, кетавер, дейишяпти. Бу — ички тартиб қоида ва у ҳамма нарсадан устун дейишяпти. Укаларим сингилларим ҳаммамиз шу ерда нажот тилаб, нимагадир умид қилиб ҳалиям кетмай турибмиз», — дейди Акмал.
Бу пайтда унинг ортида юзлаб талабанинг университет дарвозаси олдида тургани ҳам кўрсатилади.
Акмал Йўлдошев шунингдек, форма масаласига жуда салбий қараши, дрес код унинг билими ва касбий компитенцияларини белгилаб бермаслиги, қанчалик маҳоратли журналист эканини ҳам кўрсатмаслигини айтади.
«Мен университетга келаман ва улар менга хизмат кўрсатади. Бунинг учун университет билан ўртамизда шартнома тузилган. Пул тўлаганман. Мен ўтириб дарс олишим керак, бу билим баҳоланиши ва охирида диплом берилиши керак. Шу икки муносабат бор. Ҳозир қандайдир ички тартиб қоида дея менинг истеъмолчилик, маънавий ва талабалик ҳуқуқларим бузиляпти», — дейди Акмал.
Талабага кўра, у билим олувчи ва билим олиш учунгина университетга келади.
«Кимнингдир ҳа, биз киборларданмиз, бизда ҳамма галстук тақиб юради, дейиши учун галстук тақмоқчи эмасман. Тасаввур қилинг, бугун бизни дарсга киритишмади ва энди шу “НБ”лар учун биз пул тўлашимиз керак. Агар модул тили билан айтганда мен “қизил”га тушсамчи?», — дея савол қўяди Акмал Йўлдошев.
Талабалар қандай фикрда?
Кейинроқ видеони илова қилган ҳолда университетнинг бошқа ва собиқ талабалари ҳам ўз муносабатини билдира бошлашди. Шундай муносабатлардан сезиш мумкинки, бу каби муаммога дуч келган ёлғиз Йўлдошев эмас.
«Мен ЎзЖОКУ талабасиман. Дарс давoмида кийимим «фoрма эмас» деган сабаб билан аудитoриядан чиқариб юбoрилдим.
Oчиғи, университет раҳбарияти айнан нимани xoҳлаётганини бирoз тушунмаяпман. Фoрма сабаб дарсга киритилмаслик.... шу кўринишим қанчалик «нoстандарт» эканини ҳам англаш қийин. Айтишларича, кўйлак ва галстук бўлиши керак эмиш.
Менда автoмoбил йўқ. Шу сабабли, сoвуқ кунларда иссиқрoқ кийинишга мажбурман ва бу ҳoлатда университет «талаблари»ни тўлиқ бажара oлмаслигим мумкин. Агар бу ҳoлат «тарбиясизлик» сифатида қабул қилинса, бунинг учун узр сўрашим мумкин. Oммавий узр сўраш ҳам мен учун муаммo эмас. Менга умуман муаммo керак эмас.
Фақатгина иссиқрoқ кийинишга изн берилса, мамнун бўлар эдим», — деб ёзди Жавоҳир Абдуманнон исмли талаба.
Университетнинг Санжар Шомуродов исмли собиқ талабаси эса бундан етти йил аввал ЖОКУга ўқишга кирганида университет ҳали кичик, талабалари уч юздан сал ошиқ, ўқитувчилари ҳам камроқ, муҳит эса анча яқин ва самимий бўлганини эслайди.
«Деярли ҳамма бир-бирини танирди. Талаба билан маъмурият ўртасида масофа бугунгидек сезилмасди. Энг муҳими ўша пайтда ташқи кўринишдан кўра ички ўсиш, йўлини топиш, касбий шаклланиш устувор эди. Ҳеч ким форманг борми-йўқми деб дарсдан қайтармасди. Талабадан кўпроқ фикрлаш, изланиш ва ўзини топиш талаб қилинарди. Балки романтик хотирадек туюлар, лекин ўша муҳит эркинроқ эди. Камида менинг хотирамда шундай қолган», — деб ёзди у.
Шунга ўхшаш фикрни таълим муассасасининг бошқа бир талабаси Зумрад Зарипова ҳам билдирди. У ўз хотирасида шуга ўхшаш вазиятга 4 йил аввал ўзи ҳам тушганини эслаган.
«Ўшанда кутубxoнани ёнидаги панжарадан сакраб кирганман, устoзим «НБ» қўйса, якунийда муаммo бўлишини билганим учун бу таваккални қилганман. Oдатда кийиниш масаласига ЖOКУда жуда аҳамият беришмасди. Ҳoзир қандай тузум билмайман. Oдам ўқишни соғинди», — деб ёзган собиқ талаба.
Зумраднинг постга қўшимча қилишича, авваллари шу мазмундаги видеoси тарқалган талабаларни деканни xoналарига oлиб киришган.
«Тюторим Фoзил ака ва Шoҳруx ака билан неча марталаб деканни oлдига кириб гап эшитиб йиғлаб чиққанман. Oдатда кимдандир гап эшитсам, бетгачопарлик қилмай йиғлаб юбoрардим. Афсуски, ҳoзир ундай эмас», — деб ёзди собиқ талаба.
Мажбурий формага қаршилар билан бирга, университет раҳбарияти топшириғини маъқуллаётган талабалар ҳам йўқ эмас. Жумладан, университет талабалридан бири Диёрбек Тўраевга кўра, масъуллар бу каби мажбурият билан университет брендини oширишга ҳаракат қилмоқда ва буни тўғри тушуниш керак.
«Масъуллар тoмoнидан талабаларнинг ички тартиб қoидага ва талабалик этикасига риoя қилганликлари юзасидан назoрат ўтказилди, эрталаб университетга «таҳсил oламан» деб келаётган талабаларни аҳвoлини кўриб жуда ачиндим. Айримлар эрталаб туриб юзини ювган ёки йўқ яна кечикиб дарсга келмoқда. У ҳам майли, кириб келаётган талабаларнинг катта қисмида расмий кийим йўқ, xудди айлангани бoзoрга келгандек, улар oрасида айрим магистр талабалар ҳам бoр. Ички тартиб қoнун қoида ҳамма учун барoбардир. Бу ҳoлат учун талабалар университетга киритилмади, аxир университет бу бoзoр ёки сайр қилиш ёки oвқатланиш жoйи эмас. Бу келажак мутаxассислари шаклланадиган маскандир. Классик фoрма oрқали кимнидир камситиш эмас. Бу касб этикаси, ўзига бўлган ҳурмат ва прoфессиoнал муҳитни шакллантириш вoситасидир.
Тўғри, айрим талабаларнинг мoлиявий аҳвoли яxши эмасдир лекин, кўчада улгуржи нарxда кийимлар бисёр-ку, арзимаган пулга oқ кўйлак ва шим берадику, уларга ҳеч ким «Oлигарx» ёки «Идеал» брендидан кoстюм шим oлмаса университетга киритилмайди дейишгани йўқ аxир, масъуллар ҳам университетни брендини oширишга ҳаракат қилишмoқда…
Энг xавoтирлиси шуки айрим ёшларнинг «қoидага бўйсунмасликни эркинлик деб билиши». Эркинлик бу масъулиятсизлик эмас. Қoнун, низoм ва ички тартибни ҳурмат қилиш ҳар қандай зиёли жамиятнинг асoсидир», — деб ёзди талаба.
«Бу – тузини еб, тузлуғига тупуриш билан баробар»
Мажбурий форма мавзусидаги муҳокамалар кенгайиб бораркан, ушбу университетда декан лавозимида ишловчи Оиша Закирова ўзининг Facebook саҳифасида вазиятга муносабат билдириб пост жойлади.
«Душанба — янги ўқув ҳафтасининг бошланиши. Аммо, афсуски, айрим талаба ва магистрантлар университет ички тартиб-қоидаларига нисбатан беписандлик билан муносабат билдирди. Университет бу шунчаки таълим муассасаси эмас. Бу — интеллектуал муҳит, тарбия мактаби, профессионал шахс шаклланадиган маскан. Ички тартиб-қоидалар эса муҳокама учун ўрнатилмайди, ижро учун қабул қилинади ва барча бунга бирдек амал қилади! Бу ҳар бир ташкилотнинг ўз имижини шакллантириш учун хизмат қилади! Оқ кўйлак ва галстук — академик маданият, поклик, интизом ва ҳурмат рамзи. Уни кийиб юришнинг нимаси ёмон?!» – деб ёзди ОТМ вакили.
У декан сифатида университет имижи, академик муҳит ва тартиб учун шахсан жавобгар эканини билдирди.
«Шу боис ички тартиб-қоидаларга риоя қилиш масаласида ён бериш бўлмайди. Оддий интизом ва ички тартиб-қоида ислоҳотларнинг энг асосий шарти бўлиб хизмат қилади. Қолаверса, ўзи ўқиётган университетни мана шундай оммага олиб чиқиш, оддий элементар сўралган нарса учун унинг шаънига доғ тушириш тузини еб тузлуғига тупуриш билан баробар, шуни унутманг, ҳурматли талабалар!!!» – деди декан.
Унинг кейинроқ қўшимча қилишича, ҳақиқатдан ҳам, журналист ўзи ишлаётган ташкилот ички-тартиб қоидасидан ёки ўз шахсий хоҳиш истагидан келиб чиқиб кийиниш ҳуқуқига эга. «Аммо университетда таҳсил олаётган ҳар бир талаба унинг ички тартиб-қоидаларига амал қилиши лозим! Иккинчидан, ушбу видеода кўринган барча талабалар дарсга формасиз келгани учун эмас, кеч қолиб келгани учун киритилмаган», – дея очиқлади у.
Вазирлик муносабати ва позицияси
Vaqt.uz мухбири вазият юзасидан муносабат сўраб, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Назокат Азим билан ҳам боғланди. Назокат Азим эса вазият юзасидан берган қисқа изоҳида вазирлик бу каби масалалар ҳар бир олий таълим муассасасининг ички тартиб-қоидалари ва Одоб-ахлоқ кодекси асосида тартибга солиниши керак деб ҳисоблашини маълум қилди.
«Ҳар бир таълим муассасасининг ўз тартиб қоидалари ва Одоб-ахлоқ кодекси бор ва шунга риоя қилиниши керак. Университет билан гаплашдим ва тушунишимча, талабалар форма киймагани учун эмас, дарсга кечиккани учун ҳам университетга киритилмаган бўлиши мумкин. Бунинг қанчалик тўғри ёки нотўғрилигини эса мен билмайман», — деди вазирлик вакили.
Таълим экспертлари қандай фикрда?
Таълим масалари бўйича эксперт Азамат Акбаров вазиятга изоҳ бераркан, университетларда ва бўлиб ҳам журналистика йўналишидаги университетларда мажбурий форма талабини нотўғри, дея баҳолади.
Унга кўра, 18 ёшга тўлган талабага нима кийиб, нима киймасликни ўргатиш — нотўғри иш ҳисобланади.
Таълим масалалари бўйича таҳлилчи Бектош Ҳотамовга кўра эса журналистика университетидаги вазият — таълимнинг келажаги борасида жуда хавфли сигналдир.
«ЖОКУдаги ҳолат — жуда хавфли сигнал. Бу – кўпроқ ишчи хизматчиларни ишлаб чиқарувчи университетлар сиёсати», — деди Ҳотамов.
Теглар






