«Ўзтрансгаз» собиқ раҳбари Президент Администрациясида иш бошлади

23.02.2026 | 20:461 дақиқа

Саида Мирзиёева 2023 йил бошидаги энергетик инқироздан сўнг лавозимидан озод этилган «Ўзтрансгаз» собиқ раҳбари Беҳзод Норматовни янги лавозимга тайинлади.

«Ўзтрансгаз» собиқ раҳбари Президент Администрациясида иш бошлади © Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбарининг фармойиши билан Беҳзот Рахматуллаевич Норматов Администрациянинг Нефт-газ соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш бўйича лойиҳа офиси шўба мудири лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Маълумот учун, Беҳзод Норматов илгари Энергетика вазирлигининг Геология, нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси бошлиғи ҳамда «Андижоннефт» АЖ бошқаруви раиси лавозимларида фаолият юритган.

Унинг охирги иш жойи «Ўзтрансгаз» АЖ бўлиб, у ерда 2021 йил августидан бошлаб қарийб 1,5 йил давомида раҳбарлик қилган. Норматов 2023 йил январ ойида бўлиб ўтган йиғилишда давлат раҳбари томонидан бошқа энергия корхоналари раҳбарлари қаторида лавозимидан озод этилган эди. Ўшанда Президент «Ўзтрансгаз»нинг 27 та йирик компрессор газ станциясидан 8 таси ишламаётганини танқид қилган эди.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги пайтларда энергетика соҳасида бир қатор кадрлар ўзгариши кузатилди. Хусусан, 2025 йил 17 декабрда Баҳодиржон Сидиков «Ўзбекнефтгаз» раҳбарлигидан озод этилган, ундан бир кун аввал эса Алишер Султанов Президентнинг энергетика хавфсизлиги масалалари бўйича вакили лавозимини тарк этган эди. Шунингдек, 18 декабрдан Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Хуршид Мустафоев нефт-газ соҳасига масъул этиб белгиланган.

Теглар

Мавзуга оид