Педофилия учун умрбод қамоқ белгиланиши мумкин

Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш мақсадида, 14 ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан содир этилган жинсий жиноятлар учун умрбод озодликдан маҳрум этишгача бўлган жазо чораларини белгилаш режалаштирилмоқда.

Педофилия учун умрбод қамоқ белгиланиши мумкин

Ўзбекистонда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг барча кўринишларига барҳам беришга қаратилган янги ҳуқуқий механизмлар ишлаб чиқилмоқда. Бу «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш» йили доирасида белгиланган устувор ислоҳотлар ҳамда «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича Давлат дастури лойиҳасида акс этган.

Давлат дастури лойиҳасига кўра, аёллар ва болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар учун жавобгарлик чоралари кескин кучайтирилади. Хусусан, 14 ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан содир этилган жинсий жиноятлар учун умрбод озодликдан маҳрум этишгача бўлган жазо чораларини белгилаш назарда тутилмоқда.

Лойиҳада вояга етмаганларга нисбатан жинсий ва зўравонликка оид жиноятларни тергов қилиш тартиби ҳам қайта кўриб чиқилади. Бундай жиноятларни тергов қилиш прокуратура органларининг мутлақ ваколатига ўтказилиши режалаштирилган. Бу орқали ишларни марказлаштирилган ҳолда, ягона ёндашув асосида кўриб чиқиш ва тергов самарадорлигини ошириш мақсад қилинган.

Тергов ва суд тизими

Давлат дастурида вояга етмаганлар ҳамда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик билан боғлиқ ишларни тергов қилиш ва кўриб чиқишга ихтисослашган, махсус тайёргарликдан ўтган терговчи ва судьялар фаолиятини йўлга қўйиш кўзда тутилган.

Шунингдек, никоҳ ёшига етмаган шахсни унаштириш билан боғлиқ ҳолатларга нисбатан ҳам маъмурий жавобгарлик жорий этилиши режалаштирилмоқда. Бунда бундай ҳолатларга йўл қўйган ота-оналар, уларнинг ўрнини босувчи шахслар ва ноқонуний никоҳни тарғиб қилганларга нисбатан тегишли чоралар қўлланиши мумкин. Бу орқали эрта никоҳларнинг олдини олиш ва болалар манфаатларини ҳимоя қилиш кўзланган.

Профилактика чоралари

Оила ва хотин-қизлар масканларида ёш никоҳланувчиларнинг камида 40 фоизини махсус ўқитиш дастурлари билан қамраб олиш режалаштирилган. Шунингдек, психолог, ҳуқуқшунос ва бошқа мутахассисларни жалб этган ҳолда оилавий зўравонликка қарши курашиш чораларини кучайтириш назарда тутилган.

Мазкур нормаларни амалиётга жорий этиш 2026 йил 1 апрелдан режалаштирилган.

Теглар

Мавзуга оид