
Пенсия жамғармаси фуқароларни огоҳлантирди
Пенсия жамғармаси пенсия миқдорини ошириб беришни ваъда қилаётган фирибгарлардан эҳтиёт бўлишга чақирди.

Пенсия жамғармаси фуқароларни ўзини ташкилот ходими сифатида таништириб, пенсия миқдорини ошириб беришни ваъда қилаётган шахслардан огоҳлантирди.
Маълум қилинишича, айрим шахслар бу йўл билан аҳолининг шахсий маълумотларини қўлга киритиб, улардан пул талаб қилмоқда.
Ташкилот баёнотида таъкидланишича, пенсия миқдорини ошириш ёки қайта ҳисоблаш фақат Пенсия жамғармасининг туман ва шаҳар бўлимлари орқали амалга оширилади.
Фуқароларда пенсияни қайта ҳисоблаш учун асослар пайдо бўлса, улар фақат расмий манзилларга мурожаат этиши кераклиги айтилган.
«Пенсия жамғармасининг ҳеч бир ходими фуқароларга кўчада пенсия миқдорини ошириб беришни таклиф қилмайди», — дейилади баёнотда.
Ташкилот фуқароларни бегона шахсларга ҳеч қандай шахсий маълумот — паспорт нусхаси, пластик карта маълумотлари ёки ЖШШИР рақамини тақдим этмасликка чақирди.
Шундай ҳолатларда қуйидаги телефон рақамларига мурожаат қилиш мумкин:
1271 — Пенсия жамғармасининг ишонч телефони;
102 — Ички ишлар органлари рақами.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Пенсияларни Face-ID орқали нақд шаклда тўлаш бошлангани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур тизим орқали пенсия маблағлари ўз вақтида ва фақат ҳақиқий эгасига тўлиқ етказилиши айтилмоқда.





