Logo

Пенсия учун минимал суғурта стажини 15 йилгача ошириш таклиф қилинди

Бугун 13:252 дақиқа

Пенсия жамғармаси молиявий барқарорлигини таъминлаш мақсадида минимал суғурта стажини 15 йилгача ошириш ва пенсияни сўнгги 20 йиллик расмий даромад асосида ҳисоблаш таклиф этилди.

Пенсия учун минимал суғурта стажини 15 йилгача ошириш таклиф қилинди

Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Фискал таҳлиллар институти 30 июль куни бўлиб ўтган фискал мулоқотда пенсия тизимини молиявий барқарорлаштиришга қаратилган бир қатор таклифларни илгари сурди.

Институт маълумотларига кўра, бугунги кунда мамлакатда 4 миллиондан ортиқ фуқаро пенсия олади. 2026 йилда Пенсия жамғармасига давлат бюджетидан 23 триллион сўм тўғридан-тўғри ва 12 триллион сўм билвосита молиявий кўмак ажратилмоқда. Бироқ жамғарманинг ўз даромадлари пенсия тўловларини тўлиқ қоплашга етарли эмас.

«Таклифимизга кўра, суғурта бадаллари тўланмайдиган айрим даврлар учун пенсия билан боғлиқ харажатлар Пенсия жамғармаси ҳисобидан эмас, бевосита давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши керак. Бу жамғарма мажбуриятларини аниқ ажратиш ва унинг молиявий ҳолатини янада шаффоф баҳолаш имконини беради», — деди институт вакили.

Шунингдек, институт меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, расмий ишга жойлашишни соддалаштириш ва назоратни кучайтириш орқали расмий бандликни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

Бунинг учун минимал суғурта стажини босқичма-босқич 7 йилдан 15 йилгача ошириш ёки пенсия миқдорини сўнгги 20 йиллик даромад асосида ҳисоблаш тизимига босқичма-босқич ўтиш таклиф қилинди.

«Бу таклиф фуқароларнинг расмий даромадларини тўлиқ эълон қилиши, яъни давлат билан очиқ ҳисоб-китоб юритиши билан бевосита боғлиқ», — деди институт вакили.

Институт ҳисоб-китобларига кўра, қўшимча 1 миллион нафар фуқарони расмий бандликка жалб қилиш орқали давлат бюджетига йилига 3 триллион сўмгача қўшимча тушум таъминлаш мумкин.

«3 триллион сўмни бошқача ифодалайдиган бўлсак, бу маблағ эвазига 480 ўринли қарийб 100 та мактаб қуриш имконияти пайдо бўлади», — дея қайд этилди фискал мулоқотда.

Теглар

Мавзуга оид