
«Пицца индекси» ёхуд Пентагон сирларини пиццахоналар қандай фош қилади?
Агар Пентагон (АҚШ Мудофаа вазирлиги) ходимлари одатдагидан кўп пицца буюртма қила бошлашса, демак, улар ишхонада тунаб қолиб, катта ҳарбий амалиётни режалаштираётган бўлади.

АҚШ Мудофаа вазирлиги қароргоҳи яқинидаги овқатланиш масканларида пиццага бўлган талабнинг кескин ортиши халқаро сиёсатдаги йирик ўзгаришлар ва махфий амалиётларнинг норасмий индикатори сифатида яна диққат марказига чиқди.
Ижтимоий тармоқларда «пицца индекси» деб аталувчи, келажакдаги глобал ўзгаришларни олдиндан кўрсатувчи норасмий кўрсаткич қайта муҳокама қилинмоқда. 4 январь куни Пентагон яқинидаги бир нечта таомхоналарда буюртмалар сонининг ғайритабиий даражада ошиши кузатилди. Бундай ажиотаж одатда вазирлик ходимларининг иш жойида узоқ вақт қолиб кетиши ва муҳим стратегик қарорлар қабул қилиниши билан боғланади.
«Pentagon Pizza Report» хизмати маълумотларига кўра, Арлингтондаги «Pizzato Pizza», «Extreme Pizza» ва «Papa John’s» каби нуқталарда мижозлар оқими меъёрдан анча юқорилаган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, АҚШ Мудофаа вазирлигида иш ҳажми ортиб, ходимлар тунги сменада қолганда, тайёр таом буюртма қилиш энг қулай ечимга айланади. Шу сабабли, курерларнинг вазирлик биносига қатлаши халқаро инқирозларнинг дебочаси сифатида талқин этилади.
Бу галги фаолликнинг ошиши Лотин Америкасидаги шов-шувли воқеалар, хусусан, Венесуэла президенти Николас Мадуро ва унинг рафиқасининг Каракасда қўлга олиниши билан мос келди. АҚШ махсус операцияси натижасида Мадуро Бруклиндаги тергов изоляторига олиб келинган бир пайтда, Пентагон яқинидаги пиццахоналар тармоғи тунги соат иккидан тўртгача тинимсиз ишлаган. Доналд Трамп ушбу ҳолатни Монро доктринаси билан изоҳлаб, минтақа АҚШ манфаатлари доирасида эканини таъкидлади.
Бу индекс илк бор 1990 йиллар бошида, Форс кўрфазидаги уруш (Саҳродаги бўрон амалиёти) олдидан машҳур бўлган. Ўшанда Пентагон яқинидаги пиццериялар эгалари буюртмалар сони 10 баробаргача ортганини пайқашган. Худди шундай ҳолат Панамага бостириб кириш ва бошқа йирик ҳарбий амалиётлар олдидан ҳам кузатилган.
Илгари бу индексни фақат пиццерия эгалари билса, ҳозир Google Mapsдаги «Popular Times» (машҳур вақтлар) функцияси орқали ҳар қандай одам дунёнинг исталган нуқтасидан туриб Пентагон атрофидаги ресторанлар нечоғлик банд эканини кўра олади. "Pentagon Pizza Report" каби аккаунтлар айнан мана шу очиқ маълумотларни мониторинг қилиб боради.





