Покистондаги теракт: Шавкат Мирзиёев Шаҳбоз Шариф ва Асиф Али Зардорийга таъзия билдирди
Покистоннинг Кветта шаҳрида ҳарбий хизматчиларни ташиб кетаётган поезд портлатилиши оқибатида камида 20 киши ҳалок бўлди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Покистон раҳбариятига таъзия йўллади.
© Prezident matbuot xizmatiЎзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Покистоннинг Кветта шаҳрида содир этилган террорчилик ҳаракати оқибатида кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлгани ва жароҳат олгани муносабати билан Покистон президенти Асиф Али Зардорий ва бош вазири Шаҳбоз Шарифга таъзия йўллади. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Давлат раҳбари марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, жароҳатланганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилади.
Покистондаги портлаш
Покистонда ҳарбий хизматчиларни ташиб кетаётган поезд портлатилиши оқибатида камида 20 киши ҳалок бўлди ва 70 киши жароҳат олди. Портлаш кеча, 24-май куни эрталаб содир бўлди, поезд ғарбий Белужистон вилояти пойтахти Кветтадаги Чаман-Фатак станцияси орқали ўтаётган пайтда юз берган.

Reuters
Ҳукумат вакиллари BBCга маълум қилишича, учта вагон ва локомотив релсдан чиққан, яна икки вагон ағдарилган. Поезд йўловчилари асосан ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари бўлиб, улар Ийд ал-Фитр байрами муносабати билан уйларига қайтиб кетаётган эди.
«Белужистон озодлик армияси» (BLA) сепаратист гуруҳи ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олганини ва бу ўз жонига қасд қилувчи террористик ҳужум бўлганини билдирган. Покистон расмийлари ҳозирча бу маълумотни тасдиқламаган.
Ҳодиса жойидан олинган суратларда ёниб кетган ва издан чиққан вагонлар, яқинда тўхтатилган автомобиллар ҳамда қўшни бинога етган портлаш зарари кўринган.
«Поезд ҳаракатланаётган эди ва портлаш пайтида унда йўловчилар бор эди», – деди маҳаллий аҳоли вакили Насир Аҳмад BBCга.
Унинг айтишича, портлаш кучидан уйидаги барча ойналар синган. Гувоҳларнинг айтишича, портловчи модда билан тўлдирилган автомобил поездга урилиб, портлаган.

Getty Images
Белужистон полицияси ва фуқаролик маъмурияти вакиллари BBCга 20 киши ҳалок бўлганини тасдиқлаб, қурбонлар сони ортиши мумкинлигини билдирган. Расмийларга кўра, ҳалок бўлганлар орасида камида уч нафар ҳарбий хизматчи ҳам бор.
Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф ҳужумни кескин қоралаб, «бундай қўрқоқ террористик ҳаракатлар Покистон халқи иродасини синдира олмайди», деб айтди.
Расмийларга кўра, поезд йўловчилари Кветтанинг бош вокзалига яқиндаги ҳарбий лагердан йўл олган. У ердан улар Пешаварга, сўнгра байрам муносабати билан ўз шаҳарларига йўл олиши керак эди.
Бу Белужистонда поездларга «Белужистон озодлик армияси» (BLA) томонидан қилинган биринчи ҳужум эмас.
Сўнгги икки йил ичида Кветта ва Пешавар ўртасида қатнайдиган «Jaffar Express» поездларига бир неча бор ҳужумлар уюштирилган. Бироқ бу гал ҳужумчиларнинг асосий мақсади экспресснинг ўзи эмас, балки унга йўловчиларни олиб келаётган поезд бўлган.
2025-йил март ойида жангарилар Пешаварга йўл олган поездни эгаллаб, бир қатор йўловчиларни гаровга олган.
BLA Покистон федерал ҳукуматини мамлакатнинг энг катта вилоятидаги бой минерал ресурсларни маҳаллий аҳоли манфаатига хизмат қилмасдан эксплуатация қилаётганликда айблайди.
Белужистон Покистон ҳудудининг тахминан 44 фоизини ташкил этади, у беқарор Эрон ва Афғонистон билан чегарадош бўлиб, Араб денгизи соҳилининг бир қисмини ҳам ўз ичига олади. Бу ерда мамлакатнинг 240 миллиондан ортиқ аҳолисининг тахминан 5 фоизи яшайди.
«Белужистон озодлик армияси»
«Белужистон озодлик армияси» (BLA) 1970-йиллар бошида, Покистон бош вазири Зулфиқор Али Бхутто ҳукмронлигининг дастлабки йилларида ташкил этилган. Ўша пайтда Белужистонда марказий Покистон ҳукуматига қарши қўзғолон бошланган эди.
1977-йилдаги ҳарбий тўнтариш ва ҳарбий диктатор Мухаммад Зиё-ул-Хак ҳокимиятга келганидан сўнг, Исломобод белуж етакчилари билан музокаралар олиб борди. Натижада қўзғолон тўхтатилди ва BLA ўз фаолияти кўламини қисқартирди.
Орадан 20 йилдан ортиқ вақт ўтиб, Покистон президенти Первез Мушарраф даврида можаро яна авж олди. Бунга марри қабиласи етакчиси Наваб Хаир Бахш Маррининг Олий суд судясини ўлдиришда айбланиб ҳибсга олиниши туртки бўлган.
2000-йиллар бошида сепаратистлар Покистон хавфсизлик кучлари объектлари ва вакилларига қарши бир нечта ҳужумлар уюштирди. Бу ҳужумларнинг аксарияти учун жавобгарликни BLA ўз зиммасига олди ва 2006-йилда марказий ҳукумат уни тақиқланган ташкилотлар рўйхатига киритди.
BLA нафақат Белужистон мустақиллиги учун, балки Покистондаги Хитой иқтисодий экспансиясига қарши ҳам кураш олиб боради. Сўнгги йилларда у хитойликларга қарши худкушлар иштирокидаги ҳужумларни амалга оширган.
Бундай биринчи ҳужум 2018-йил августида Далбандин шаҳрида содир этилган. Худкуш Саиндак конида ишлаётган хитойлик ишчилар автобусини портлатишга уринган. У ерда олтин ва мис қазиб олинади. Ҳодиса оқибатида фақат худкушнинг ўзи ҳалок бўлган.
Шундан сўнг, 2018-йил ноябрида BLA Карачидаги Хитой консуллигига қилинган ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Унда уч нафар худкуш иштирок этган. Улардан ташқари яна тўрт киши ҳалок бўлган.
2024-йилда Эрон ва Покистан бир-бирининг ҳудудига навбатма-навбат зарба берди.
16-январь куни Эрон Покистоннинг Белужистон ҳудудидаги жойга ракета зарбалари бериб, нишон «Жайш ал-Адл» гуруҳи бўлганини маълум қилди. Икки кундан кейин Покистон ҳам Эроннинг Систон ва Белужистон вилоятидаги Сараван шаҳри яқинидаги қишлоққа ракета ва дронлар билан ҳужум қилди. Исломобод бу зарбалар Белужистон озодлик армияси ва Белужистон озодлик фронти каби белуж сепаратист гуруҳларига қарши қаратилганини билдирди.
Жорий йил феврал ойи бошида Кветта ва бутун минтақада BLA жангарилари билан Покистон хавфсизлик кучлари ўртасида тўқнашувлар юз берди. Уларда 31 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди.





