Пойтахт кўчаларида бир ҳафта олдин ўрнатилган темир панжаралар яна олиб ташланмоқда
8 йил олдин хавфли деб топилиб, Тошкент кўчаларидан олиб ташланган панжара тўсиқлар қайта ўрнатилаётган эди. Энди эса панжалар талаб этилган баландликка мос келмагани важ қилиниб, яна олиб ташланяпти.

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек кўчасида бир ҳафта аввал ўрнатилган йўналишларни ажратувчи панжаралар қайта олиб ташланди.
Манбаларга кўра, тўсиқлар белгиланган техник талабларга жавоб бермагани учун вақтинча олиб ташланган. Маълум бўлишича, панжаралар зарур баландликдан паст бўлиб чиққан. Шу сабабли улар қайта ишланиб, яна ўрнатилиши режалаштирилган. Ҳозирча Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги вазият юзасидан расмий изоҳ бермади.
Темир панжаралар нега ўрнатиляпти?
Маълумотларга кўра, темир панжаралар Тошкент шаҳри кўча ва йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва пиёдалар билан боғлиқ бўлган йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш мақсадида ўрнатилмоқда. Энг қизиқ жиҳати шундаки, 2017-2018 йилларда айни шу сабаб билан темир тўсиқлар олиб ташланган эди.
2025 йил май ойида Тошкент шаҳар ҳокими Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан темир панжаралар ўрнатиш учун 6,9 млрд сўмдан ортиқ маблағ ажратиш тўғрисида қарор қабул қилган.
2017 йилда Тошкент шаҳар маъмурияти йирик кўчалар ўртасига ўрнатилган металл тўсиқлар, айниқса пиёдалар ўтиш жойлари ва чорраҳалар атрофида, ҳайдовчилар учун кўринишни чеклаётганини очиқ тан олган. Кейинчалик, 2018 йилда ЙҲХБ ҳам расмий баёнот бериб, 30 та кўчадаги тўсиқлар ҳаракат хавфсизлигини оширмагани, аксинча, ҳайдовчилар ва пиёдалар учун қўшимча қийинчиликлар туғдирганини қайд этган.
Ўтган йилда эса Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси кўчалар ўртасига яшил ва бошқа рангдаги тўрли панжара ўрнатишни бошлаган. Бошқарма эса бунга йўлнинг қатнов қисмини белгиланмаган жойлардан кесиб ўтишнинг олдини олиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва пиёдалар оқимини тартибга солинган, кесиб ўтиш учун мўлжалланган жойларга йўналтириш мақсадида ўрнатилаётганини сабаб қилиб кўрсатган.
Маълумот учун: темир панжараларни ўрнатадиган пудратчи «Qarshi Stroy Sentr» компанияси 2025 йил 10−28 ноябрь кунлари Тошкент шаҳри ҳокимияти қошидаги «Ягона буюртмачи хизмати» томонидан ўтказилган тўсиқ ўрнатиш бўйича тендерда ғолиб бўлган. Тендер натижаларига кўра, «Qarshi Stroy Sentr» энг юқори балл тўплаган ҳолда ғолиб бўлган ва 6 млрд 6 млн 446 минг 265,20 сўмга (ҚҚС билан) 90 кун ичида қурилиш ишларини бажариш мажбуриятини олган.





